'Савченко учун Россияга қарши янги жазо чоралари киритилсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Оврўпо Парламентининг 57 депутати Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат идораси раҳбари Федерика Могеринига мактуб йўллаганлар, украиналик учувчи Надежда Савченко учун Россиялик шахсларга янги жазо чоралари киритишни сўраганлар.

Янги 'қора рўйхат'га Россиянинг 29 фуқароси, шу жумладан, Президент Владимир Путинни ҳам киритишга чақирганлар.

Янги санкциялар Надежда Савченкони "ўғирлаш, ҳибс қилиш, тутқунликда сақлаш ва унга қарши сохта айбловлар тўқиб чиқариш"га масъул шахсларга нисбатан қўлланиши сўралган.

Россияликларга нисбатан янги жазо чораларини жорий этиш таклифини илгари сурган Оврўпо Парламентининг литвалик депутати Пятрас Ауштрявичюс айтишича, бу масалани 14 март куни ОИ Ташқи ишлар вазирлари учрашувида кўтариш мумкин.

9 март куни Россиянинг Ростов вилоятидаги Донецк маҳкамасида россиялик журналистларнинг ўлимида айбланаётган украиналик ҳарбий учувчи Надежда Савченкога сўнгги сўз берилди.

У ўзига қўйилаётган айбловларни ҳам, Россия маҳкамасини ҳам ва бу маҳкама чиқарадиган ҳукмни ҳам тан олмаслигини айтган.

Унга нисбатан ҳукмнинг 21 март куни эълон этилиши хабар қилинган, сўнгги сўзида Савченко ҳукмни бир ҳафтанинг ичида чиқаришни талаб қилган.

Айни пайтда ҳимоячилар 3 мартдан бери очлик эълон қилган Надежда Савченко қуруқ очликни тўхтатгани, сув ича бошлаганини айтганлар.

9 мартда Президент Порошенко биринчи марта Савченко учун кимнидир алмашишга тайёрлигини билдирган.

"Агар масала шу тариқа қўйиладиган бўлса, Украина Президенти сифатида конституцион ҳуқуқимдан фойдаланиб, Надеждани уйига қайтариш учун мавжуд барча имкониятдан фойдаланишга тайёрман" деб айтган у Интерфаксга.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Порошенконинг мурожаатидан Кремл хабардор, бироқ буни изоҳламайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ