Россиянинг бугуни: "Доҳий" Сталин барҳаётми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Россиянинг Сталин шахси ва унинг қатағон сиёсатига нисбатан муносабати ўзгармоқдами?

Россия президенти Владимир Путин сиёсий қатағон қурбонларининг хотирасини абадийлаштиришга доир қонунни имзолашидан сал аввалроқ, ЛДПРнинг Думадаги депутатларидан бири Дмитрий Носов Иосиф Сталинни “катта давлат раҳбари” бўлганини айтган.

Носов шунингдек, Сталин қатағонларининг кўлами борасида ҳам ўз шубҳаларини изҳор қилган.

Феврал охирида эса Псков вилоятида Сталин бюсти тантанали очилган, Москвада эса Сталин даврининг расмий рассоми саналган Александр Герасимовнинг кўргазмаси бошланган.

Охирги бир йил ичида Россиянинг бир неча шаҳарларида “халқлар доҳийси”га ҳайкаллар ўртанилди.

Музейлар очилди.

Владимир Путин ҳам ўз нуқтида Сталиннинг мақоласини эслаб қолди.

Давлат мукофотларини топширар экан Путин “ютуқлардан бошлар айланмаслиги” кераклигини айтган.

Айни пайтда Россия бўйлаб фаоллар Сталиннинг “тозалаш амалиётларида” қурбон бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш учун ҳаракатга тушишган.

Россиянинг Сталин шахси ва унинг қатағон сиёсатига нисбатан муносабати ўзгармоқдами?

Жамиятда Сталин даврини соғиниш кучаймоқдами?

Би-би-си бу ҳақда Россия тарихчилари фикрларини ўрганган.

Ян Рачинский, "Московский Мемориал"жамиятининг раисдоши:

Бир томондан Сталин қатағони қурбонларининг хотирасини абадийлаштириш учун қонун қабул қилишмоқда, иккинчи томондан эса Россия ҳарбий-тарихий жамияти Сталинга ҳайкаллар қўймоқда. Гарчанд Россиянинг ҳозирги ҳукумати Сталиннинг жиноятларини қораласа ҳам, давлат манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўйиши ва “буюк давлат” ғояси билан Сталин сиёсатини жонлантирмоқда.

Коммунистик ўтмиш ёдга тушади шунда…Шўролар иттифоқининг қанчалар буюклиги ва буюк саркардаси борлиги ҳақида эртаклар ёдингиздами? Бу муаммо токи жиноятчини жиноятчи деб атамаганимизча, Сталин қилмишларига қонунчилик нуқтаи назаридан баҳо бермаганимизча ҳал бўлмайди.

Мен одамлар Сталин даврини соғинаяпти деб ўйламайман. Чунки ўша даврда бирор бир аъзоси ҳибсга олинмаган, қамоққа ташланмаган ва ё отилмаган оилани топиш мушкул. Улар аслида Сталин замонини эмас, бу замон ҳақида яратилган эртакни соғинишади. Афсуски, бизнинг жамиятимиз ахборотларни таҳлил қилишга ўрганмаган. Бунга давлат ҳам рағбатлантирмайди. Чунки ахборотларни таҳлил қилиш бошқача фикрлашни яратиши мумкин...

Бугун вилоятлардаги кутубхоналарда Сталин қатағони ҳақида кўплаб ҳужжатли тўпламларни топиш мумкин. Аммо мактаб дарсликларида жуда оз маълумот берилади, масалан, 1930 йилларнинг очарчилигидан қанча одамлар қирилиб кетгани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Шунинг учун ҳам одамлар ҳали ҳам эртакларга ишонишади.

Юрий Жуков, Россия Фанлар академияси катта илмий ходими:

Менимча, бунақа тарихга доир баҳслар билан одамларни мушкул иқтисодий вазиятдан чалғитишмоқда. Бундан ташқари зимдан Сталинни тартиб ва нормал иқтисод рамзига айлантириш тўлқини кечмоқда.

1956 йилда Хрушев Сталинни барча партия раҳбарлари қилган жиноятлар учун балогардон этишга ҳаракат қилганди. Улар ҳаммаси ўтиб кетган ва ҳеч қандай ҳимояга муҳтож эмас.

Эндиликда Сталин шахсига холисроқ назар ташлаш имкони пайдо бўлди.

1937-38 йиллардаги оммавий қатағонларни Сталин уюштирмаган, уларни Биринчи котиблар ташкиллаштирган…мақсад Сталин эркин ва муқобил сайловлар билан уларни алмаштирмаслиги, қудратни қўлдан бой бермаслик бўлган. 30 йилларнинг охирида халқ бу қатағонларни “ежевчина” деб номлаган эди. Ўша даврда НКВДнинг раҳбари Николай Ежов бўлган.

Ҳайкаллар ва бюстлар тикланишига келсак, бунинг ҳеч бир ажабланарли томони йўқ. Сталин узоқ муддат давлат раҳбари бўлди. Саноатлаштириш даври, мамлакат тарихидаги энг ёвуз урушда ғалаба...Урушдан кейин халқ хўжалиги тикланди, ядро қуроли яратилди. Нима учун Сталиннинг бу хизматларига кўз юмиш керак?

Қолаверса, Лондондаги парламент биноси қаршисида Кромвелга ҳайкал турибди. У ҳам Қиролни қатл қилган ва қатағонлар сиёсатини юргизган эди. Нима учун ўз ўтмишимизни ҳурмат қилмаслигимиз керак?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ