Трамп ва Рубио "Ислом нафрати" устида тўқнашишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Маямида ўтган теледебатда президентликка кўз тикаётган республикачи номзод Марко Рубио ўз партиядоши Доналд Трампнинг "Ислом Америкадан нафратланади" деган баёнотини қаттиқ танқид қилди.

Сешанба куни Флоридада ўтадиган праймарида сайловолди пойгадаги тақдири ҳал бўлиши кутилаётган жаноб Рубио Исломда радикализация муаммоси борлиги, аммо кўп мусулмонлар америкалик эканларидан фахрланишларини айтди.

"Президентлар оғзига келганини айтавермаслиги керак. Бунинг оқибатлари ёмон бўлиши мумкин", - деди у қарсаклар остида.

Аввалги теледебатга қараганда, бу сафаргиси кўпроқ сиёсат ҳақида бўлди. Ўтган сафарги теледебат шахсий ҳақоратларга тўла бўлиши ортидан, партия раҳбарияти тўрт номзоддан ўзларини тийиб олишларини сўраган.

"Ўзимизни қанчалик маданиятли тутаётганимизга ишонолмаяпман", - деди Трамп дебат чоғида.

Ислом мавзусига келганда, Трамп ва қолган уч номзоднинг мавқелари орасида катта фарқ бор эди.

Трамп кун бошида "Ислом биздан нафратланади, бу нафрат жуда кучли" дея қилган баёнотига содиқ қолди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Дебатнинг энг асосий нуқталари:

Жаноб Трамп H1-B виза дастурига қарши эканини такрорлади. Бу дастурга биноан, АҚШ компаниялари "ўта маҳоратли" хорижликларни ишга ёллаши мумкин.

Жаноб Рубио ижтимоий имтиёзлардаги 150 миллиард долларлик камомадни қоплаш учун нафақа ёшини 68га узайтиришини айтди.

Жаноб Круз Мексика билан чегарада девор қуриши, чегара назоратини уч баравар кучайтириши ва ҳужжати йўқ шахсларга ижтимоий имтиёзларни тўхтатишини билдирди.

Трамп "таълимни ажойиб қиламан" деди ва бунга собиқ республикачи номзод Бен Карсонни жалб этишини айтди.

Шунингдек, у Владимир Путинни "кучли" дея туриб, уни яхши раҳбар дея олқишламоқчи бўлмаганини билдирди.

Номзодлар Президент Обаманинг келгуси ҳафта Кубага режаланган сафари мавзусида ҳам тўқнашишди.

Ота-онаси кубалик муҳожирлар бўлган жаноб Рубио Куба инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшиламагунча, Куба билан муносабатларни тиклашга қаши эканини айтди.

Аммо, жаноб Трамп АҚШ ва Куба алоқалари тикланишига қарши эмаслиги, лекин бу алоқалар АҚШ манфаатларини кўзлаши кераклигини урғулади.

Келиб чиқиши кубалик бўлган яна бир номзод - жаноб Круз Трампни Обама ва Клинтоннинг Куба сиёсатини қўллаб-қувватлашда айблади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon