'Пайғамбарни ҳам қамашга тайёрман' деган вазир бўшатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар қонунни бузадиган бўлса, пайғамбарни ҳам қамаган бўлардим, деб айтгани учун Миср Адлия вазири Аҳмад ал-Зинд лавозимидан бўшатилган.

Жаноб Зинд бу гапини 11 март куни эфирга узатилган телеинтервьюси пайтида айтган ва охирида "Оллоҳ кечирсин мени" деб қўшиб қўйган.

Адлия вазири Зиндни вазифасидан бўшатишга Миср Бош вазири Шариф Исмоил буйруқ берган.

Ҳукумат номидан эълон қилинган баёнотда Аҳмад ал-Зинд лавозимидан четлатилгани хабар қилинган, аммо бошқа тафсилоти айтилмаган.

Бу қарордан ҳакамлар норози бўлганлар ва ўз баёнотларини эълон қилганлар.

Ҳакамлардан бирининг айтишича, бундай ҳодиса ҳар қандай инсон билан юз бериши мумкин, оғзидан ўзи истамаган ҳолда бир сўз чиқиб кетиши мумкин.

Аҳмад ал-Зинд Адлия вазири лавозимига тайинланишидан олдин аппеляция маҳкамаси ҳаками бўлиб ишлаган.

У 2013 йил ёзида армия томонидан ҳокимиятдан четлатилган "Мусулмон Биродарлар" ҳукуматининг танқидчиларидан бири бўлган.

Жаноб Зинд президент Ҳусни Муборакнинг 30 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган ва "Мусулмон Биродарлар"ни қудратга олиб келган инқилобга ҳам қарши чиққан.

У, шунингдек, адлия тизимининг қаттиқ ҳимоячиси ва адлия тизими қудратли бўлиши лозимлигини айтиб келган.

Сўнгги икки йилда Миср адлия тизими тобора кўп танқидларга учрамоқда.

Исломий президент Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ҳакамлар "Мусулмон Биродарлар" тарафдорларига кўплаб ўлим жазолари, либерал қарашдаги инсонлар узоқ йиллик ҳукмларни эълон қилди.

Мамлакатда Муборак замонидаги амалдорларнинг яна қудратга қайтиши кузатилади.

Жаноб Зинддан олдинги Адлия вазири ҳам оғзидан чиқиб кетган бир гапи учун ўтган йили майида лавозимидан бўшатилган эди.

У ахлат йиғувчининг боласи ҳакам бўлолмайди, деб айтган.

Адлия вазирининг "чиқинди ташувчиларнинг болалари ҳакам бўла олмайди" деб юбориши ўшанда ижтимоий тармоқларни бир маънода "портлатиб юборганди".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ