Қодировнинг матбуот сўзчиси Яшинни судга тортмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Чеченистон раҳбари матбуот котиби Алви Каримов Бош Прокуратура ва Тергов қўмитасидан мухолифатчи Яшиннинг Рамзан Қодиров ҳақидаги ҳисоботини экстремизм бўйича текширишни сўраган.

Илья Яшин 23 февралда Борис Немцов ўлимига бир йил тўлиши муносабати билан унинг қотиллигига доир гумонлари акс этган, шунингдек, Чеченистон Президенти Рамзан Қодировга оид маълумотлар бўлган ҳисоботни эълон қилган эди.

Рамзан Қодиров матбуот котибига кўра, прокуратурага ариза расмий эмас, Чеченистон фуқароси сифатида берилган.

Унинг фикрича, Яшин доклади миллий ва диний низоларни гиж-гижлайдиган мазмунга эга. Ҳисобот муаллифи "Россия фуқароларига Чеченистон РФ хавфсизлигига таҳдид солади, балки Россияга қарши жиҳод ҳам эълон қилиши мумкин", деган фикрни сингдирмоқчи.

Шу билан бирга, у "Рамзан Қодиров шаънига туҳмат, ҳақорат ва асоссиз айбловдан иборат. Доклад Қодиров ва Чечен халқига қаратилган аниқ провакацион агрессив руҳда", дейди Каримов Интерфаксга берган интервьюсида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Илья Яшин келтирган "Чечен хавфсизлик кучларининг сони ва уларнинг Қодировга тўлиқ бўйсуниши" ёлғон. Улар фақат ўзларининг идоралари раҳбариятига қарайди, деб айтади Чеченистон Президенти котиби.

Алви Каримовнинг ушбу чиқишидан сўнг, мухолифатчи Илья Яшин ҳам ўзининг ҳисоботига шундай муносабат бўлишини кутганини ёзди Фейсбукда.

Унинг айтишича, ўз хақлигига ишонади ва ўз сўзларини қўшимча далиллар билан асослай олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Яшинга кўра, прокуратурага ариза бериш ташаббускори Қодировнинг ўзидир.

Чеченистон раҳбари шу тариқа докладнинг тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қиляпти, деб ҳисоблайди у. Шунингдек, бундай муносабат ҳисоботнинг нишонга бориб текканидан далолатдир.

Чеченистондаги вазиятга бағишланган "Миллий хавфсизликка таҳдид" сарлавҳали ҳисобот эълон этилишидан олдин техник камчилик боис қўлга киритган Рамзан Қодиров ундаги гапларни "сафсата" деб атаганди.

ФХХ Касьяновнинг талабини рад этди
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Собиқ бош вазир Михаил Касьянов Федерал Хавфсизлик хизматига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг Инстаграмда мухолифатчилар нишонга олингани акс этган видеороликни чоп этишига боғлиқ текширишни талаб қилиб ариза берганди.

Бироқ ФХХ Қодировнинг видеолавҳасида ҳуқуқни бузилишига қарши ҳеч бир асос топилмаганини айтиб, жиноий иш очишни рад қилган.

"ФХХ нинг бу жавоби Президент Путин ва унинг хавфсизлик кучлари мухолифатга қарши шундай кураш усулини ёқлашини кўрсатади", дейди Касьянов.

Охирги пайтда Рамзан Қодиров Россия мухолифатига қарши кескин мурожаатлар билан чиққан. Олдинроқ "халқ душманлари" "руҳий даволанишга муҳтож" деб мухолифатчиларни назарда тутганди.

Рамзан Қодировнинг сўзлари атрофидаги баҳсларга муносабат билдирган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, Кремл Рамзан Қодировнинг Инстаграмдаги саҳифасини кузатмаслигини, вазиятни унинг айтганлари билан чалкаштирмасликка чақирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ