Эрдўғон: терроризмни тиз чўктирамиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон камида 34 инсон ҳалок бўлган Анқара портлашларидан сўнг "терроризмни тиз чўктириш"га ваъда берган.

Жаноб Эрдўғон, худкушлик ҳужуми Туркия хавфсизлик кучлари қатъийлигини фақатгина оширади, деган.

Қизилай туманидаги Жувенпаркидаги портлашда 125 дан ортиқ инсон яраланган.

Туркия мамлакат жануби-шарқи ва Ироқда курд бўлгинчиларга қарши хавфсизлик амалиётларини бошлаган.

Хавфсизлик мулозимларига кўра, бомба ҳужумини ўзи ҳам қурбон бўлган аёл киши амалга оширган ва у ПКК фаолидир.

Мамлакат жануби-шарқида тўрт киши айни ҳужумга алоқадорлик айблари билан ҳибсга олинган.

Текширув ишлари душанба куни якунланади ва айбдорлар аниқ бўлади, деб айтган Ички Ишлар вазири Эфкан Ала.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олмаган, бироқ ҳукуматнинг асосий шубҳаси Курдистон Ишчилар партиясига тушмоқда.

Курд исёнчилари охирги ойларда Туркияда қатор ҳужумларни амалга оширганлар. "Исломий давлат" ҳам Анқарада портлаш уюштирган.

Президент Эрдўғон Туркия хавфсизлик кучларига кучи етмаган террористик гуруҳлар тинч фуқароларни мўлжалга олаяпти, деб айтган.

Туркия Президенти халқни миллий бирдамликка чақирган.

"Бизнинг халқимиз хавотир олмаслиги керак, терроризмга қарши курашда муваффақиятга эришамиз ва уни тиз чўктирамиз", деган у.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли портлашлардан кейин Иорданияга режалаштирилган ташрифини бекор қилган.

АҚШ ва Россия дохил қатор давлатлар, шу билан бирга, Туркиядаги курдпараст сиёсий партия ҳам ҳужумни қоралаганлар.

Туркия Халқ Демократик партияси Курд партиясини курдларнинг зўравонликларини қораламаётганликда танқид қилади.

Портлаш якшанба куни 18.40 да содир бўлган, майдондагилар эвакуация қилинган.

Туркия Соғликни сақлаш вазири Меҳмет Муиззинўғли 30 инсон ҳодиса жойида ҳалок бўлгани, тўрт нафари касалхонада вафот этганини айтган. Тахминларга кўра, ўлганларнинг иккитаси ҳужумчилардир.

Жаноб Муиззинўғллининг билдиришича, яраланган 125 киши Анқарадаги турли касалхоналарга етказилган, улардан 19 тасининг аҳволи оғир.

Ўтган ойда Анқарада ҳарбий карвонга ҳужум оқибатида 28 инсон ҳалок бўлган, ўнлаб киши яраланганди.

<span >Портлашга масъулиятни Курд Озодлиги жангчиларининг ҳарбий қаноти ўз зиммасига олиб, бу Президент Эрдўғоннинг сиёсатига жавоб бўлганини айтган.

Туркия ҳукумати эса Суриядаги курд исёнчиларини айблаганди.

Ўтган йил октябр ойида Анқарадаги тинч намойишни нишонга олган икки худкуш ҳужумчи портлашидан 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди.

Истанбулдаги Би-би-си мухбири Марк Лоэнга кўра, олти ойнинг ичида Анқарада амалга оширилган уч ҳужум Туркия хавфсизлигига таҳдид юқорилигини кўрсатади.

Яқин Шарқнинг барқарор бўлаги ва беқарор минтақада НАТОнинг муҳим аъзоси бўлган Туркия учун ҳозир вазият хатарли.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon