Financial Times: 'Путиннинг Сурия қирғин майдонидаги ичи бўш ғалабаси'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Лондонда нашр қилинадиган Financial Times рўзномаси Россия қуролли кучларининг Суриядан олиб чиқиб кетилишига бағишланган яна бир мақола чоп этган.

“Икки йил олдин Россия Украина чегарасида тўпланган кучларини олиб чиқиб кетгани ҳақида эълон қилди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу режадаги жой алмашувдан бошқа нарса эмас экан”, дея хотирланади Financial Times мақоласида.

“Агар Суриядан Россия қўшинларини олиб чиқилиши ҳақидаги хабар ҳам ана шундай кўзбойлоғичлик эмас, деб тахмин қилинса, Путин ўзининг бу аралашуви бир неча қисқа муддатли мақсадгагина эришганини англаб етди”, дейилади мақолада.

Сурияга ҳарбий босқини билан Путин ўзининг ташқи сиёсий мақсадларига етишгани аниқ. Ассадни қўллаб-қувватлаш билан Москва ўзининг Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтирибгина қолмай, Украина туфайли қолиб кетган халқаро изоляциясидан бироз чиқишга муваффақ бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Russian Defense Ministry Press Service

Россия оммавий ахборот воситаларида якунланган Сурия кампанияси оламшумул ғалаба сифатида дўмбира қилдилар. Албатта, Суриядан қўшинлар чиқарилиши Совет қўшинларини Афғонистондан олиб кетилишига нисбатан муваффақиятли кўринади. Бу нарса парламент сайловлари олдидан Кремлга ўзига ишонч ҳосил қилиш туйғусини беради.

Бироқ кенг миқёсда олиб қараганда Россия босқини икки йирик муваффақиятсизликка олиб келди, деб ёзади Financial Times.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Биринчидан, ҳали ҳам ИШИД назорати остида Суриянинг катта ҳудудлари қолмоқда.

“Бу нарса қўшин киритилиши исломий терроризмга қарши кураш мақсадида бўлган эди деб айтаётган Кремлнинг нақадар иккиюзламачи эканини кўрсатади”, дейди рўзнома.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Иккинчидан, Россия бомбардимонлари олтинчи йил фуқаролар уруши давом этаётган мамлакатдаги вазиятни тубдан яхшилай олмади. Москванинг амаллари Сурияга узоқ муддатли барқарорлик олиб келишга ёрдамлашганининг бирорта исботи йўқ, деб ёзади Financial Times.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.net га киринг

Бу мавзуда батафсилроқ