"Саудийлар Яманда энг кўп ўлимга сабаб бўлмоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияни Яманда энг кўп инсоний талафотларга сабаб бўлишда айблади.

Зейд Раад Ал Ҳуссайннинг айтишича, саудийлар бошчилигидаги коалиция Яманда жанг қилаётган тарафларнинг ҳаммасидан кўра икки баравар кўп одам ўлдирган.

У коалицияни инсон талафотига етакловчи ҳолатларни бартараф қилмасликда айблади. Унга кўра, энг кўп ўлимга ҳаво зарбалари сабаб бўлган.

Саудия Арабистони ўтган йил мартида исёнчиларга қарши жангни бошлаганидан бери 6 мингдан ошиқ одам нобуд бўлган. Уларнинг ярми оддий фуқаролардир.

Саудий ҳукумати кенг миқёсда инсоний талафотлар келтириб чиқараётганини рад этди ва оддий аҳолини нишонга олмаслик учун барча имкониятларни ишга солаётганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Уч кун аввал Яман шимоли-ғарбидаги Мастаба шаҳри бозорига уюштирилган ҳаво ҳужумида 106 оддий одамлар нобуд бўлишган. Бу Ямандаги урушнинг энг қонли ҳодисаларидан бири бўлди.

"Улар бозорлар, касалхоналар, клиникалар, мактаблар, корхоналар, тўй базмларига ҳаводан зарба берганлар, қишлоқлари шаҳарлар, жумладан пойтахт Санадаги юзлаб хусусий уйларни нишонга олганлар", - деди Ал Ҳуссайн жаноблари.

"Халқаро норозиликларга қарамай, бу даҳшатли ҳолатлар такрорланмоқда", - дея қўшимча қилди у.

Саудия Арабистони Мастабадаги ҳужумни тергов қилаётгани, ўз қўшинлари бозордан 10 чақирим наридаги Ҳусий исёнчилари йиғиладиган жойни нишонга олишганини билдирган.

Коалиция ўтган март ойида исёнчиларни тор-мор қилиш ва Президент Абдулла Абдраббуҳ Мансур Ҳадининг қудратини тиклаш мақсадида ҳарбий амалиётларни бошлаганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг