Брюсселда ушланган ҳужумчи Парижга экстрадиция қилиниши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўтган йил ноябр ойида Парижда оммавий қотилликни уюштиришда асосий гумондор Салоҳ Абдусалом изидан тўрт ойлик қидирув ниҳоят уни Брюсселда қўлга олиш билан якунланди.

26 ёшли Абдусалом 13 ноябрда 130 инсон ўлимига сабаб бўлган ҳужумда тирик қолганлардан бири деб ҳисобланиб қидирилаётган эди.

Париждаги ҳужумларга масъулиятни қатор мамлакатларда тақиқланган "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз зиммасига олганди.

Асли брюсселлик, Франция фуқаролиги бўлган Абдусалом полиция билан тўқнашув чоғида оёғидан яраланган ва Моленбек туманида ушланган.

У Париж воқеасидан сўнг шу ерда яшириниб келган.

Амалиёт натижасида яна беш гумонланувчи ушланган.

Асосий гумондор ва унинг шериги айни пайтда шифохонада сақланмоқда.

Абдусаломга қарши ов сешанба куни бошланган. Брюссел четида ўтказилаётган полиция текшируви отишмага айланиб кетган.

Отишмада Форе қишлоғидаги хонадон яшовчиси ўлдирилган, иккитаси томга чиқиб қочган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ўлдирилган шахс жазоирлик Муҳаммад Балқаида бўлганини айтган полиция. Лекин унинг ёнидан Самир Бузида номига сохта ҳужжат топилган.

Бу ҳужжат 2015 йилда икки марта ишлатилган. Бир марта Австрия-Венгрия чегарасини кесиб ўтишда, бир марта ҳужумчилардан бирининг жиянига пул ўтказишда фойдаланилган.

Жума куни полицияга Форедаги уйда Абдусаломнинг бармоқ излари топилгани маълум бўлган.

Тез орада полиция Моленбекдаги уйни штурм қилган. Амалиёт натижасида яраланган Салоҳ Абдусалом қўлга тушган.

Брюсселдаги амалиёт Франция Презденти Франсуа Олланднинг у ерга ташрифи билан бир вақтга тўғри келган.

18 мартда ОИнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтган.

Париж ҳужумларига гумондорлар Моленбекда яширинаётгани аниқ бўлгач, Франция президенти маросимни тарк этган.

Жаноб Олланд Салоҳ Абдусалом тез орада Франция суди қаршисида ҳозир бўлишига шубҳа қилмаётганини айтган.

Оврўпо давлатлари ўртасида оғир жиноятни содир қилганлар экстрадицияси амалга оширилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Президенти Барак Обама икки давлат раҳбарларини амалиётнинг муваффақияти билан табриклаган.

Полицияга кўра, Салоҳ Абдусалом турар жойини тез-тез ўзгартирган. Схарбек деган жойдаги уйда ҳам унинг бармоқ излари, портловчи модда ва худкушлик камари топилган.

Бундан ташқари, Абдусалом Батаклан концерт зали олдида топилган "Фолксваген Поло" машинасини ва бошқа бир автомобилни ижарага олган ва ҳужумчиларни Stade de France стадионига етказган.

Абдусаломнинг укаси Иброҳим Вольтер хиёбонида ўзини портлатган.

Абдусаломнинг ўзи портлашлардан сўнг Брюсселга қайтган.

Йўлда унинг машинаси тўхтатилган, бироқ сохта ҳужжатлар ҳали аниқланмагани ва машина қидирилмаётгани учун ўтказиб юборилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ