Абдеслам ҳибси ортидан Франция чегаралари мустаҳкамланди

Париж ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинган Салаҳ Абдеслам Бельгияда ҳибсга олиниши ортидан Франция ўз чегараларига кўпроқ қўшинларни жойлаштирмоқда.

Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёвнинг айтишича, ҳужумлардан бери чегараларга сафарбар қилинган 5 минг полициячилар сафи яна кенгаяди.

Жума куни Абдеслам ҳибсга олинганидан сўнг Интерпол бошқа гумондорлар қочишга уринишларини айтиб огоҳлантирган ва чегараларни мустаҳкамлашга чақирган.

Тўрт ой қочиб юрган Абдеслам ҳозирда хавфсизлик кучлари томонидан сўроқ қилинмоқда.

Бельгияда унга расман террорчилик айблари қўйилган.

У ўзининг Францияга топширилишига қарши курашини бошлаган. Бу жараён уч ой давом этиши мумкин.

Шанба куни Абдеслам 13 ноябрь куни Парижда ўзини портлатиб юборишга шайлангани, аммо охирги лаҳзада фикридан қайтганини терговчиларга маълум қилгани айтилди.

Ўзини Исломий Давлат дея атовчи гуруҳ маъсул дея кўрилаётган отишма ва портлашларда 130 одам ҳалок бўлган ва ўнлаб одамлар яраланган.

Абдеслам ҳужумлардан кўп ўтмай Брюсселда ўзи туғилган Моленбек мавзесига қочгани ишонилади.

26 ёшли Франция фуқароси бўлган Абдеслам жума кунги рейдда ҳибсга олиниши ортидан Бельгиядаги ўта қаттиқ қўриқланувчи турмада ушлаб турилибди.

Терговчилар умид қилишича, рейдда оёғидан яраланган Абдеслам ИДнинг молияси ва режалари борасида маълумотларни ошкор қилади.

Терговга кўра, Абдеслам ҳужумчиларга уй ижараси, ҳамда уларни ҳужум жойларига олиб бориб қўйишга ёрдам берган.

Унинг акаси Браҳим Парижда ўзини портлатиб юборган ҳужумчилардан бири бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype – uzbek
  • bbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг