АҚШ ширкати Кубада тарихий келишувга эришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

АҚШнинг Starwood меҳмонхоналар компанияси Куба ҳукумати билан 1959 йилги инқилобдан бери келишувга эришган илк америкалик ширкат бўлди.

Starwood Куба пойтахти Гаванада учта меҳмонхонани қайта таъмирлаши ва юрғизиши кўзда тутилган.

Компания воизининг айтишича, Starwood "меҳмонхоналарни юқори андозаларга олиб чиқиш учун кўп миллион долларлик сармоя киритади".

Мазкур янгилик Президент Обаманинг бу оролга мўлжалланган ташрифи арафасида янграмоқда. Президент Обама Кубага охирги 90 йил ичида сафар қилган илк АҚШ президенти бўлади.

Би-би-сининг Гаванадаги мухбири Уилл Грантнинг хабар қилишича, бизнес келишуви икки мамлакат ўртасида алоқалар қанчалар илиётганидан дарак беради.

Кубада туризм ҳозирда янада ривожланган. Президент Обама Кубага сафар чекловларини юмшатганидан бери америкалик сайёҳлар оқими кучайган.

1960-йилларда Кубадаги инқилоб коммунистик тизим ўрнатилишига етаклаши ортидан Вашингтон Гавана билан дипломатик муносабатларни узганди.

Президент Обама 2014 йил декабрида Куба билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни тиклашини эълон қилган.

Эълон ортидан бир йил давом этган махфий музокаралар Канада ва Ватиканда ўтган, ҳамда уларга Папа Франциск шахсан аралашган.

Режалар сирасига Кубани терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариш, сафар ва молиявий чекловларини юмшатиш, телекоммуникация алоқаларини кучайтириш ва савдо эмбаргосини бекор қилиш ҳаракатлари киради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг