Брюссел аэропорти ва метросида портлашлар рўй берган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўттиздан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритган Брюссел портлашлари учун ИШИД масъулият даъвоси билан чиққан.

Ўнлаб одамлар яраланган.

Портлашлар Брюсселнинг Завентем аэропорти ва Оврўпо Иттифоқи муассасаларига яқин метро бекатида рўй берган.

Маҳаллий телевидение хабар қилишича, портлашларда камида 31 инсон қурбон бўлган, 100 дан ортиғи яраланган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8 ларда аэропорт биноси ичкарисида икки кучли портлаш овозлари эшитилган.

Одамлар аэропорт биносидан ташқарига қочиб чиқаётганлари акс этган фото ва видеолар Интернет ижтимоий тармоқларида пайдо бўлган.

Суратларда аэропорт биносининг томи вайрон бўлгани, ойналари синиб кетганини, ичкаридан тутун ташқарига чиқаётганини кўриш мумкин.

Твиттер фойдаланувчиси Giorgi Tabagari бинода яраланган инсонларнинг фотосуратларини эълон қилган.

Eurocontrol ташкилоти Брюссел аэропортини ёпишга қарор қилган.

Ҳаво қўналғаси вазиятга қараб эртага эрталаб очилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маҳаллий матбуотнинг ҳодиса гувоҳларига таяниб хабар тарқатишича, портлашдан олдин отишма овозлари ва араб тилида сзўловчиларнинг гаплари эшитилган.

Гувоҳлар портлаш American Airline ширкатининг текшириш нуқтаси яқинидаги юз берганини айтганлар.

Портлашлар худкуш ҳужумчилар томонидан содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Эрталабки соат 9:11 ларда Брюссел метросининг Maalbeek бекатида ҳам кучли портлаш рўй берган.

Бу метро бекати Оврўпо Комиссиясига яқин ва Оврўпо Иттифоқи бош қароргоҳи ўз ходимларига ишга чиқмаслик, ўз уйларида қолишни сўраб мурожаат қилган.

Maalbeek бекатига кириш жойида жароҳатланган инсонлар ётган ёки ўтиргани тасвирланган видео эълон қилинган.

Расмийлар Брюсселдаги барча метро бекатларини ёпишга қарор қилганлар.

Автобус ва трамвай қатновлари ҳам тўхтатилган.

Бутун Белгия бўйича террор таҳдиди максимал - тўртинчи даражагача кўтарилган.

Бельгия худди фалажлангандек, одамлар ваҳимада, барча транспор воситалари тўхтатилган, одам гавжум бўладиган бинолар ёпилган, деб хабар беради Би-би-си мухбири.

Белгия махсус хизматлари атом станцияларида хавфсизлик чораларини кучайтирган. Машиналар полиция ва ҳарбийлар томонидан текширилмоқда.

Брюсселдаги портлашлар ортидан Франция, Олмония ва Британиядаги аэропортларда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани хабар қилинган.

Бельгиянинг Франция билан чегаралари ҳам ёпилган.

Иорданияда бўлган Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар раҳбари Федерико Могерини Оврўпо ҳозир худди Яқин Шарқ каби азобланмоқда деб айтган.

"Бу Оврўпо учун жуда қайғули кун. Оврўпо ва унинг пойтахтлари бу дардни ҳар кун бошидан ўтказадиган Яқин Шарқнинг азобини ўзида синамоқда", деган у.

Брюсселга ҳужум бутун Оврўпога ҳужум , биз бирлашишимиз керак, деб айтган Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам.

Тўрт кун олдин Брюсселда 2015 йил ноябрида Париж ҳужумларини ташкиллаштиришда гумон қилинган Салоҳ Абдусалом ҳибсга олинганди.

У ҳозир кўрсатма беришни бошлаган.

Бир неча кун олдин Белгия Ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерс Салоҳ Абдусалом Белгияда янги террорчилик хуружларини режалагани ҳақида айтган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг