Руслан Чагаевни енгган боксчида допинг топилди

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги учун жангда ўзбекистонлик Руслан Чагаевни енгиб, чемпионлик камарига эга бўлган австралиялик боксчи Лукас Браунда допинг топилган.

Руслан Чагаев билан жангдан кейин допингга ташҳис топширган боксчи пешобида тақиқланган кленбутерол моддаси аниқлангани хабар қилинмоқда.

Бу модда спортчиларга мусобақа пайтидан ташқари ундан кейинги муддатда ҳам қабул қилиш тақиқланади.

Допингга намуналар боксчилардан жангдан беш кун олдин ва у ўтгандан кейин дарҳол олинади.

Шу тариқа, Браун жаҳон чемпионлигидан маҳрум қилиниши ва Руслан Чагаев яна чемпионлик камари учун рингга тушиши мумкин.

Лукас Браун ва Руслан Чагаев жанги 5 март куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтган. Браун 10 раундда техник нокаут билан Руслан Чагаев устидан ғалабага эришганди.

Унгача Руслан Чагаев олтинчи раундда Браунни нокдаунга учратган. Бироқ ўзини ўнглаб олган Браун жангни давом эттириб, 10 раундда Чагаевга кетма-кет зарбалар берганди.

Ҳакам жангни Лукас Браун фойдасига тўхтатишга қарор қилган.

Руслан Чагаев ҳакамнинг қарорига норозилик билдирган, жангни давом эттиришини айтган.

Бунгача ўтган барча раундлар Руслан Чагаевнинг устунлиги остида ўтган. Ишқибозлар ҳам, спорт шарҳловчилари ҳам Руслан Чагаевнинг ғалабасини башорат қилиб туришган.

Руслан Чагаев жангдан сўнг ишқибозларидан кечирим сўраган ва албатта реванш матч ўйнашга ваъда берганди.

Бугун Лукас Браун ўзида допинг топилганига муносабат билдираркан, бу қандайдир тушунмовчилик деб айтган. Шунингдек, у адвокат маслаҳатини олиши кераклигини қайд этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ