АҚШ Давлат департаменти Оврўпога янги таҳдидлардан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

АҚШ Давлат департаменти Америка фуқароларини Оврўпога сафар қилиш хатарли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириш билан чиққан.

Давлат департаментига кўра, Оврўпода янги террорчилик хуружлари содир этилиши таҳдиди мавжуд.

“Террорчи гуруҳлар яқин келажакда Оврўпо ҳудудларига ҳужумларни амалга оширишни режалаштиришда давом этмоқдалар. Спорт тадбирлари, сайёҳлар ташриф буюрадиган жойлар, ресторанлар ва транспорт инфраструктуралари уларнинг нишонига айланиши мумкин”, дейилади АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда.

Америка ташқи сиёсат идораси Брюссел аэропорти ва метросига ҳужумлардан кейин огоҳлантириш билан чиққан.

Оврўпо мамлакатларида бўлган америкаликларга айниқса жамоат жойлари ва транспортда ҳушёр бўлиш, одамлар гавжум жойлардан ўзини четга тортиш маслаҳати берилган.

Диний байрамлар, йирик фестиваллар ва тадбирлар пайтида жуда эҳтиёт бўлишга чақирган давлат департаменти.

АҚШ ҳукумати мамлакатга қарши янги террорчилик ҳужумлари режалангани ҳақида янги маълумотга эга эмасликлари ҳақида билдирган.

Шунга қарамасдан, аксар Америка шаҳарлари аэропортлари ва темир йўл вокзалларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

22 март куни эрталаб Брюссел шаҳрида содир этилган портлашлар муносабати билан Белгияда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Портлашлар оқибатида камида 31 инсон ҳалок бўлган.

Завентем халқаро аэропорти биносида икки худкуш ҳужумчи ўзларини портлатгани хабар қилинмоқда.

Аэропортда 11 инсон ҳалок бўлган.

Орадан бир соатча ўтиб Оврўпо Иттифоқи биноларига яқин жойлашган метронинг Maalbeek бекатида яна бир портлаш рўй берган.

Метро вагонида 20 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Портлашлар оқибатида 200 дан зиёд киши жароҳатланган.

Портлашлар учун масъулиятни ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган гуруҳ зиммасига олиб чиқди.

Бош вазир Шарл Мишел 22 март ҳодисаларини Белгия тарихидаги энг даҳшатли ҳодисалар деб атаган.

Завентем аэропорти кузатув камераларида арава итариб кетаётган уч шахс тасвирга тушган ва Белгия терговчилари улардан икки нафари ўзини портлатган деб билмоқда.

23 март куни Белгия полициясидаги манба айтишича, ўзларини аэропортда портлатганлар ака-ука ал-Бакравийлар бўлганлар, деб кўрилмоқда.

Камерага тушиб қолган учинчи шахсга қидирув эълон қилинган.

Полиция аэропортга яқин жойда портламай қолган худкушлик белбоғини топгани ҳақида хабар тарқатган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ