Ассад кучлари Палмирага кирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сурия телевидениеси хабар тарқатишича, Ассад армияси "Исломий давлат" жангари гуруҳи қўл остидаги қадимий Палмира шаҳрига киришга муваффақ бўлган.

Ихбария ахборот каналига кўра, ҳукумат кучлари шаҳар марказини эгаллаганлар.

Бундан олдин мустақил манбалар ва кузатувчилар шаҳардан бир неча чақирим масофада турган ҳарбийлар Палмирага бостириб киришга тайёрланаётганини хабар беришган.

Ҳомс вилояти ҳокими Талал Баразийнинг билдиришича, шаҳарга уч томондан штурм қилишга ҳозирланилган ҳарбийлар.

Жангарилар устидан улкан ғалаба қозонилади, деб ишонч билдирган Баразий.

Чоршанба куни Сурия ҳукумат кучлари Палмирага кираётганларини ва жангариларнинг артиллерия манзиллари "корнет" ракеталари орқали нишонга тутилганини хабар берганлар.

ИШИД жангарилари 2015 йил майда Палмирани эгаллагандилар. Бу вақт ичида ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Палмира қадимий ёдгорликларини вайрон қилганлар.

Маълумотларга кўра, Палмирага Сулаймон подшоҳ томонидан асос солинган. Бу қадим шаҳар Дамашқ ва Евфрат ўртасида, саҳродаги водийлардан бирида жойлашган.

ИШИД мақбаралар ва ҳайкаллар бутга сиғиниш экани ва Исломга зид эканига ишонади, ҳамда улар йўқ қилиниши керак деб билади.

Ўтган йил жангарилар Палмиранинг энг таниқли иншоотларидан бири - 2 минг йил аввал қурилган Баалшамин эҳромини вайрон қилишган.

Дин олимлари "ибодатхоналарни вайрон қилиш Исломга зиддир", дея ИШИД амалларини қоралашган.

Баъзи халқаро тарихчиларга кўра, ИД ўз ҳарбий амалиётларини молиялаш учун кўплаб осори-атиқаларни миллионлаб долларга пулламоқда.

АҚШ бошчилигида халқаро кучлар ва Россиянинг ҳаво ҳужумлари натижасида Исломий давлат Сурия ва Ироқда ўзи назорат қилиб келган ҳудудларнинг 22 фоизини йўқотган.

Президент Башар ал Ассад жангарилар устидан ғалабалари ортидан Суриянинг барча ҳудудларини бирлаштиришга ваъда берганди.

Бироқ Сурия армиясини дастаклаб келган Россия тўсатдан ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқишга қарор бергани Ассад кучларига салбий таъсир қилиши мумкинлиги айтилди.

Россия Исломий давлат жангарилари манзилларини ҳаводан нишонга олишда давом этишини билдирди.

Бундан ташқари АҚШ чоршанба куни ИШИДга тегишли саккиз маскан бомбаланганини маълум қилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ