Брюссел ҳужумлари ортидан бир неча киши ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

31 инсон умрига зомин бўлган Брюссел портлашлари бўйича ўтказилаётган тергов доирасида Белгия полицияси олти кишини ҳибсга олган.

Ҳибслар Схаербек туманидаги рейдлар ортидан амалга оширилган.

Ҳибсга олинган кишиларнинг шахси ва ҳужумларга нақадар алоқадорлиги ҳақида маълумот берилгани йўқ.

Париж шаҳри яқинида эса Франция полицияси ҳужум режалашда гумон қилинган бир шахс қўлга олинган.

Брюссел портлашлари ўтган йил ноябридаги Париж ҳужумларига боғлиқ бўлгани хабар қилинмоқда.

Ўзини “Исломий Давлат” деб атайдиган гуруҳ ҳам Париж ва ҳам Брюссел ҳужумлари учун масъуллигини даъво қилиб чиққан.

Схаербек туманидаги рейдлар пайшанба тунида ташкил қилинган, полиция уйма-уй юриб тинтув ўтказган.

Маҳаллий аҳоли айтишича, тунда портлашлар овозларини эшитганлар, аммо сабаби нима экани номаълум.

Франция полицияси ҳам ҳужумни режалаган одам қўлга олиниши ортидан пайшанба тунида Париж шимоли-ғарбида аксилтеррор амалиёти ўтказган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Белгияга борган, унинг терроризмга қарши кураш масаласини муҳокама этишни режалагани хабар қилинган.

Туркия Брюссел ҳужумчисини ҳибс қилиб Белгияга топширгани ҳақида хабар қилганидан кейин Белгия расмийлари хатога йўл қўйганларини тан олганлар.

Белгия Ички ишлар ва Адлия вазирлари шу муносабат билан ўз истеъфоларини таклиф қилганларини, бироқ бош вазир уларнинг истеъфоларини қабул қилмаганини айтганлар.

Туркияга кўра, ўтган йили июн ойида Иброҳим Бакравийни Туркия-Сурия чегарасига яқин жойда Иброҳим Бакравийни қўлга олганлар ва Белгияга депортация қилинган.

Туркия Белгия расмийларини Иброҳим Бакравийнинг “хорижий жангари” эканидан огоҳлантирганини, лекин бу огоҳлантирув расмийлар томонидан “инкор қилинган”ини айтган.

Туркияга кўра, шу тарзда Голландия расмийлари ҳам огоҳлантирилганлар.

Иброҳим Бакравий Брюсселнинг Завентем аэропорти кузатув камераларига тушиб қолган уч ҳужумчидан бири бўлгани хабар қилинмоқда.

У ўзини портлатгани, оқибатда аэропортда 11 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Иброҳим Бакравийнинг иниси Холид Брюссел метросининг Маелбек бекатида ўзини портлатган, оқибатда 20 киши ҳалок бўлган.

Айни пайтда Белгиянинг VRT телеканали хабар қилишича, ҳужумчилар худкушлик ҳужуми билан бирга ўқотар қуроллар билан одамларни ўлдиришдек худди Париж ҳужумларидек хуружларни режалаганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ