Тоғли Қорабоғда яна ҳужумлар давом этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти хабар тарқатишича, Озарбайжоннинг вазият барқарорлашгани ҳақидаги баёнотига қарамасдан Қорабоғнинг жануби-шарқи ва шимолида жанглар давом этмоқда.

"Жанглар давом этаяпти. Улар тўхтагани йўқ. Фақат Қорабоғ томонида вазият тўлиқ назорат остидалигини айтишимиз мумкин",- деб билдирган Тоғли Қорабоғ вакили.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 3 апрелга ўтар кечаси жанговор ҳаракатлар тугатилганини маълум қилганди.

"Вазият барқарор ва Озарбайжон қуролли кучлари назорати остида. Айни пайтда жанглар тўхтатилди", деб айтган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Вагиф Диёргаҳли.

Шанба куни эрталаб Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда вазият ёмонлашгани ҳақида хабар тарқатдилар.

Томонлар бир-бирини ҳужумни бошлашда айблади.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғдаги қуролли тўқнашувларда 12 Озарбайжон ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган.

Озарбайжон томони Арманистон 100 га яқин аскарини йўқотгани, танк ва артиллерия воситалари яксон қилинганини айтган.

Бироқ Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон томонининг қурбонлар сони ҳақидаги хабарини инкор этган.

Арманистон Президенти Серж Саргсяннинг маълум қилишича, тўқнашувлар натижасида 18 ҳарбий ҳалок бўлган, 35 нафари яраланган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ учун қарама-қаршилик 1988 йил бошланиб, қонли тўқнашувларга айланиб кетган.

Арманлар кўпчиликни ташкил қиладиган Тоғли Қорабоғ мухтор республикаси Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилган.

1994 йил Москва воситачилигида келишувга эришилиб, уруш тўхтатилган, бироқ Қорабоғ ва унинг атрофидаги Озарбайжон ерлари арманлар назоратида қолган.

2009 йил Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари учрашувидан сўнг тинчлик келишуви боши берк кўчага кириб қолди.

Охирги йилларда томонлар ўртасида бир нечта жиддий қуролли тўқнашувлар юз берди.

Бироқ шанба куни бошланиб кетган тўқнашув ҳар иккала томон учун сўнгги ўн йиллардаги энг ҳалокатлиси ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ