Озарбайжон: Қорабоғда ўт очиш тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ўт очиш бир томонлама тўхтатилганини эълон қилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги бу хабарни тасдиқлагани йўқ.

Тоғли Қорабоғда шанба куни бошланган тўқнашувда иккала томондан 30 инсон ҳалок бўлган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, халқаро ҳамжамият чақириқлари инобатга олинди. Бироқ, Арман томони келишувга амал қилмаса, провакацион ҳаракатлар давом эттирилиб, аҳоли яшаш жойлари нишонга олинса, Озарбайжон ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашидан огоҳлантиради.

"Тинчликсеварлик асослари ва халқаро ҳамжамият чақириқларини беэътибор қолдирмаган ҳолда, Озарбайжон жанговор ҳаракатларни бир томонлама тўхтатишга қарор қилади ва яқинда озод қилинган ҳудудларни мустаҳкамлайди", дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги мурожаатида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Қорабоғда кўнгиллилар армияга чақирилган.

Қорабоғ ҳарбийлари ва Арманистон Мудофаа вазирлиги жанглар тўхтамаганини айтмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян Озарбайжон мурожаатини "ахборот қопқони" деб атаган.

Шанба куни эрталаб Озарбайжон ва Арманистон 1994 йилда келишилган оташкесимдан буён энг миқёсли жанглар бошланиб кетганини хабар берган. Томонлар ҳужумда бир-бирини айблаганлар.

Россия Президенти Владимир Путин ва БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳар иккала томонни босиқликка чақирган.

Айни вақтда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон воқеада Озарбайжон тутган мавқеъни қувватлашини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Озарбайжон тикучари уриб туширилгани айтилган.

Расмий хабарларга биноан, Озарбайжон 12 ҳарбийсини йўқотган, МИ-24 тикучари Арманистон кучлари томонидан уриб туширилган, бир танки портлатилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистоннинг 100 аскари ўлдирилгани, танки, артиллерия воситалари яксон қилингани, Қорабоғдаги бир нечта стратегик нуқталар эгаллангани ҳақида хабар тарқатган.

Арманистон қурбонлар ҳақида Озарбайжон берган маълумотларни рад қилган. Арманистон Президентининг билдиришича, тўқнашувларда 18 аскар ҳалок бўлган, 35 таси жароҳат олган.

Якшанба куни Арманистон Озарбайжон томонидан артиллерия отишмалари бошланганини билдирган.

Баъзи маълумотларга кўра, икки қорабоғлик ҳарбий яраланган.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ учун 1988-1994 йиллар давом этган урушда 30 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

1994 йил оташкесимга келинган. Бироқ асли Озарбайжон ҳудуди бўлган Тоғли Қорабоғ арманлар назоратига ўтган.

Охирги йилларда бир нечта тўқнашувлар юз берган. Шанба куни бошланиб кетган отишмалар улар ичида энг ҳалокатлиси бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ