Путин дўстларининг йирик шубҳали келишувлари ҳақида маълумот чоп қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Путин дўстларининг йирик шубҳали келишувлари ҳақида маълумот чоп қилинди

“Россия” тижорий банки пул ювиш учун ишлатилган бўлиши ва унда Президент Владимир Путиннинг қатор яқин танишлари иштирок этган бўлиши мумкин, дейилади Журналист-терговчиларнинг халқаро консорциуми (ICIJ) чоп қилган ҳужжатларда.

ICIJ қўлига ҳужжатлар Панамадаги Mossack Fonseca юридик компаниясидан келиб тушган. Тергов муаллифларига кўра, айнан шу компания ўз мижозларига пул ювиш, солиқдан бўйин товлаш ва турли чекловларни айланиб ўтишга ёрдам бериб келган.

Ҳужжатларда турли мамлакатларнинг 72 нафар собиқ ва амалдаги раҳбарлари, ҳамда кўплаб машҳур одамлар ва ширкатлар тилга олинади.

ICIJ тергови натижаларини жаҳоннинг қатор етакчи оммавий ахборот воситалари чоп қилишмоқда. Бу ҳужжатлар устида, жумладан, Би-би-сининг “Панорама” дастури мухбирлари ҳам ишлашган.

Терговда Россияга билвосита ё бевосита алоқаси бор тўртта компания тилга олинган - Sonnette Overseas, International Media Overseas, Sunbarn ва Sandalwood Continental.

Уларнинг бари оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган бўлиб, “Россия” банки ва Россия президентининг яқин танишларига алоқадордир.

Бу компаниялар, ҳужжатлар билан танишиб чиққан мутахассислар фикрича, шубҳали келишувларда қатнашганлар.

Путиннинг дўсти

Би-би-сининг “Панорама” дастури билан суҳбатда пул ювиш бўйича етакчи мутахассис, қироллик адвокати Андрю Митчелл мазкур ҳужжатларда мавжуд бўлган келишувларда қонунбузарликларни кўрганини айтди. Унга кўра, уларда оддий тижорий мантиқ йўқ.

Бир ҳужжатга қаралса, Sandalwood Continental ширкати атиги 1 долларга қандайдир активларни сотиб олган ва уч ой ўтиб уларни 133 миллион долларга сотган.

Sandalwood, шунингдек, Россия давлатига тегишли банкдан 800 миллион долларлик қийматга эга қарзларни олган. Ҳужжатларда Sandalwood ширкати бу қарзлар бўйича кафолат бергани ё уларни қайта тўлагани борасида далил-исбот йўқ.

Молиявий жиноятларни тергов қилиш ва хавфсизлик маркази ходими Том Китинг ҳам «Панорама»га бу савдо келишувларида пул ювиш аломатлари борлигини билдирди ва улар тергов қилиниши лозимлигини айтди.

Ҳужжатларга биноан, International Media Overseas ва Sonnette Overseas ширкатлари расман виолончелист созанда Сергей Ролдугинга тегишлидир. У Владимир Путин билан болалигидан дўст экани ва Путиннинг қизларидан бирининг чўқинтирган отаси экани билан жамоатчиликка таниш.

Путин ҳақидаги “Биринчи шахснинг ўзидан” номли китобда Ролдугиннинг ёш Путин билан қандай танишгани ва яқин дўстлиги ҳақида гап кетади. ICIJ чоп қилган ҳужжатларга кўра, Ролдугиннинг шубҳали кўрилган келишувлардан кўрган фойдаси бир неча миллион доллар бўлган.

Созанда эгалик қилувчи компаниялардан бирининг ҳужжатларида бу компания асл эгасининг “шахси ва махфийлиги”ни ҳимоя қилиш учун тузилгани айтилади.

Созанда авваллари журналистларга ўзининг бизнесмен эмаслигини айтган. Унинг мураккаб офшор келишувларига аралашгани аслида кимдир уни ўз мақсадларида ишлатаётган бўлиши мумкинлиги борасида шубҳаларни уйғотган.

Кредитларнинг қайта сотилиши

2011 йил бошида Британиянинг Виргин оролларида қайд қилинган Sandalwood Continental компанияси Кипрда қайд қилинган Horwich Trading ширкатига 200 миллион долларлик кредит берган.

Эртасига Sandalwood бу кредитлардан келадиган тўловларни олиш ҳуқуқини Британ Виргин оролларида қайд қилинган яна бир компания - Ove Financial Corp ширкатига атиги 1 долларга сотган.

Айни шу куннинг ўзида Ove 1 долларга бу ҳуқуқни расман Сергей Ролдугинга тегишли International Media Overseas ширкатига сотган. Бу кредитлардан келадиган фақат фоиз тўловларининг ўзигина йилига 8 миллион долларга тенг.

Тергов хулосасига кўра, Sandalwood Continental компанияси “Россия” банки томонидан таъсисланган. АҚШ ҳукумати бу банкни “Россиядаги юқори даражали мансабдор шахсларнинг хусусий банки” дея таърифлаган. Sandalwood Continentalкомпаниясининг эгаси номаълум.

“200 миллион доллар ва йилига 8 миллион доллар фойда кўриш ҳуқуқини 1долларга сотишга ҳеч қандай тижорий асос йўқ”, - деди қироллик адвокати Андрю Митчелл Би-би-сига.

Бу келишув мутахассисларнинг гумонига сабаб бўлган россиялик ширкатларнинг келишувларидан бири холос. Mossack Fonseca ширкати ҳужжатларида умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг ўнлаб шундай келишувлар мавжуд. Масалан, 2007 йилда International Media Overseas 6 миллион долларга кредит олган, аммо уч ой ўтиб у 1 доллар билан қопланган.

Яна бир келишувга биноан, айни ширкат бир брокерга қимматли қоғозларни сотиб келган, эртасига эса уларни анча арзон нархларда қайта сотиб олган.

«Бу бизнес эмас. Бу - пулларни мунтазам равишда кўчириб туриш ва яшириш мақсадида яратилган ниқоб», - дейди жаноб Митчелл. International Media Overseas учун ҳисобни Ролдугин Швейцариянинг банкларидан бирида очган. Ҳисобни очиш учун зарур бўлган ҳужжатларда Ролдугиндан “сиёсий аҳамиятга эга шахслар”ни билиш-билмаслиги сўралган. У “йўқ” деб жавоб берган.

КамАЗ ва АвтоВАЗ акциялари

Россияга алоқадор яна бир компания - Sonnette Overseas, ICIJ терговига биноан, КамАЗ ширкатининг акцияларини сотиб олиш бўйича мантиқсиз келишувда иштирок этган.

2008 йилда Sonnette КамАЗ акцияларининг 27 фоизини 100 минг долларга сотиб олиш учун тузилган ошфор компаниялар консорциумига кирган. Айни йилда ГерманиянингDaimler корпорацияси КамАЗнинг 10 фоиз акцияларини 250 миллион долларга сотиб олган.

Консорциумнинг савдо келишуви амалга ошмаган, аммо ҳужжатларга биноан, консорциум ҳиссадорлар мажлисида овоз бериш ва даромад олиш ҳуқуқига эга бўлган.

Яна бир компания – Sunbarn 2009 йилда АвтоВАЗнинг 20 фоиз акцияларини 50 минг долларга сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу ўта паст нарх бўлиб кўринади, чунки бундан икки йил аввал Франциянинг Renault компанияси АвтоВАЗ акцияларининг 25 фоизини 1 миллиард долларга сотиб олган.

ВТБ банки ва Аркадий Ротенберг иштироки

ICIJ чоп қилган ҳужжатлардаSandalwood Continental ширкати “Кипр рус тижорий банки”дан умумий ҳисобда 600 миллион долларлик бир неча кредит олгани айтилади. Бу вақтда банкка асосан Россиянинг ВТБ банки эгалик қилган. Кейинчалик бу пуллар бошқа оффшор ширкатларга берилган. Бу ширкатлардан бири Санкт-Петербург яқинидаги “Игора” тоғ чанғи курортига эгалик қилади.

Путин 2006 йилда бу курортнинг очилиш маросимида қатнашган. 2013 йилда эса бу курортда “Иннопрактика” жамғармаси директори Катерина Тихонованинг тўйи бўлиб ўтган. Тихонова хонимни Рейтер агентлиги Владимир Путиннинг кенжа қизи деб атайди. Путин у ўз қизи эканини на рад қилган, на тасдиқлаган.

Пулларни олган ширкат ҳозирда қисман «Россия» банкининг йирик ҳиссадори бўлмиш Юрий Ковальчукка тегишлидир. Ковальчук Путиннинг “ҳисобчи”ларидан бири деб таърифланади ва АҚШнинг жазо чекловлар рўйхатига киритилган.

Ковальчукнинг адвокати «Россия» банки ҳақидаги барча маълумотлар жамоатчиликка очиқ бўлган бир вақтда нега унинг мижозига саволлар берилаётганини тушунмаслигини айтди.

Sunbarn компанияси Путиннинг яна бир эски дўсти – тадбиркор Аркадий Ротенбергга алоқадор ширкатлардан 231 миллион долларга тенг бир неча кредитларни олган. Бу компания кейин уларни қайтариб тўлагани борасида ҳеч қандай маълумот йўқ. Кредитларни беришдан сал аввалроқ Ротенбергнинг “Стройгазмонтаж” ширкати “Южный поток” газ қувурини ётқизиш бўйича йирик тендерни ютиб олди.

“Ахборот ҳужуми”

Бу ҳужжатлар оммавийлаштирилишдан бир ҳафта аввал Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков гўёки матбуот воситалари Путин ва унинг атрофидагиларга ахборот ҳужумини тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирди.

“Албатта, гап шахсан Путин ҳақида, унинг оиласи ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиш ҳаракатлари, унинг болаликдаги дўстлари, тадбиркорлар, жумладан Ковальчук, Ротенберг ва бошқалар, қандайдир ошфор компаниялар, Путин умрида кўрмаган кўп сонли тадбиркорлар ҳақида кетяпти”, - деди Песков.

ICIJ тергови борасида шарҳ билдирган Россиядаги баъзи депутатлар Россияни беқарорлаштириш ва унинг жаҳондаги мавқеини сусайтириш ҳаракатларини кўраётганларини айтишди.

"Единая Россия" партияси эса бу материалларни келгуси парламент сайловлари билан боғлашди.

Би-би-си билдиришича, мазкур тергов жамоатчилик манфаатларида бўлиб, адолат ва шаффофлик билан олиб борилган, ҳамда ICIJ ҳужжатларини қатор мустақил ва ишончли мутахассислар таҳлил қилишган.

Би-би-си баёнотида, шунингдек, ICIJ ҳужжатлари жаҳон бўйлаб 107та матбуот ташкилотларига тақдим қилингани айтилади.

Юқори даражали мижозлар

Якшанба куни чоп қилинган ҳужжатларда бошқа давлатлар раҳбарлари ва уларнинг оилалари, ҳамда етакчи тадбиркорлар, спортчилар ва машҳур одамларга боғлиқ офшор ҳисоблари ҳам келтирилган.

Жумладан, қуйидаги манфаатдорлар тилга олинган:

Украина Президенти Пётр Порошенко

Буюк Британия Бош вазири Девид Камероннинг марҳум отаси

Хитой Коммунистик партияси раҳбарияти аъзолари

Исландия Бош вазири Сигмюндюр Давид Гюннлёйгссон

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев фарзандлари

Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг ўғли

Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг фарзандлари

ФИФАдаги мансабдор шахслар

Футболист Лионел Месси

Mossak Fonseca компанияси вакиллари ICIJ журналистларига ҳеч қандай қонунларни бузмаганларини айтишди.

Мазкур компаниянинг журналист-терговчилар боғланган кўплаб мижозлари барча айбловларни рад этишди. Хусусан, Украина Президенти Порошенко вакиллари унинг кондитерлик бизнесини сотишдан аввал оффшор ҳисобини очиш зарур бўлганини билдиришди.

ICIJ ўзи нима?

Журналист-терговчиларнинг халқаро консорциуми 1997 йилда АҚШда асос солинган. У билан 65 мамлакатдаги 190дан ошиқ журналистлар ҳамкорлик қилади.

ICIJ хабарларини консорциумнинг матбуот шериклари чоп қиладилар, улар орасида Би-би-си ҳам бор.

Ўтган йили ICIJ Швейцария банкларидаги махфий ҳисоблар бўйича терговини чоп қилди, ҳамда жаҳондаги йирик ширкатлар Люксембург қонунчилигини қўллаган ҳолда солиқдан қандай бўйин товлашларини фош қилди.

ICIJ нафақат молиявий терговларни олиб боради. Бу ташкилотнинг сайтида, хусусан, тамаки ширкатлари турли мамлакатлар ҳукуматларини қандай лобби қилиши, йирик кўламдаги ноқонуний балиқчилик ва бошқа мавзулардаги мақолалар мавжуд.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.