Қорабоғда оташкесимга эришилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тоғли Қорабоғда уч кун давом этган тўқнашувлардан сўнг, Озарбайжон ва Арманистон оташкесимга келган. Ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан тушки 12 да бошланган.

Сешанба куни эрталаб томонлар бир-бирларини тунда амалиётларни давом эттирганликда айблаган.

Жангларда ҳар иккала томондан ўнлаб қурбонлар берилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Қорабоғда ўтган икки кунги отишмаларда 16 ҳарбийси ҳалок бўлган. Арманистон томони 70 аскари, 20 дан ортиқ ҳарбий техникасини йўқотган. Бироқ Арманистон Озарбайжоннинг бу маълумотларни тасдиқлаганича йўқ.

Озарбайжон шунингдек, Арманистон қуролли кучларининг Магадиздаги стретегик муҳим ҳарбий базаси яксон қилинганини айтмоқда.

Айни вақтда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ армияси иккинчи апрелдан буён 20 ҳарбийси ҳалок бўлгани ва 70 таси яралангани, жангларда беш тинч фуқаро вафот этганини айтган душанба куни кечқурун.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Арман томони Озарбайжоннинг икки тикучари, 20 танки, олти дрони, бир нечта артиллерия воситалари яксон қилингани, ўнлаб ҳарбийлари ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқатган.

Озарбайжон оммавий ахборот воситаларига кўра, Тоғли Қорабоғ чегарасидаги аҳоли масканлари арман кучлари томонидан нишонга олинган. Арман ҳарбийлари ўтган тунда ўт очишни тўхтатиш келишувини бир неча бор бузганларини айтган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.

Худди шундай иддаоларни Арманистон ҳам билдириб, озарбайжон кучлари аҳоли масканлари ва ҳарбий пунктларни ҳужумга тутганини айтади.

Аввалроқ, Озарбайжон Арманистон аҳоли масканларини нишонга олишни тўхтатмаса, Хонкенди (Степанакертнинг озарбайжонча оти) ва бошқа аҳоли пунктларини ҳужумга тутишга тайёрлигини билдирганди.

Бунга жавобан Арманистон Президенти Серж Саргсян вазият кескинлашар экан, Тоғли Қорабоғни расман тан олиб, унга тўғридан-тўғри ҳарбий кўмак беришни бошлаш билан таҳдид қилди.

Арманистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликлари ўтган шанба куни Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашгани ҳақида хабар тарқатганлар. Якшанба куни Озарбайжон ўт очиш бир томонлама тўхтатилгани эълон қилган бўлсада, отишмалар вақти-вақти билан давом этган.

Асли Озарбайжон ҳудуди бўлган Қорабоғ минтақаси учун 30 минг инсон қурбон бўлган олти йиллик урушдан сўнг 1994 йил тинчлик келишувига эришилган. Бироқ Тоғли Қорабоғ арманлар назоратига ўтган.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўзини эканини таъкидлаб келади. Охирги қонли тўқнашувлар манзарасида Туркия Президенти Эрдўғон озарбайжон кучлари мавқеъини қувватлаган. Тоғли Қорабоғ Озарбайжонга қайтарилиши кераклигини таъкидлаган.

Россия можаро томонларини босиқликка чақирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ