Брюссел ҳужумларига тааллуқли янги видео

Фото муаллифлик ҳуқуқи Belgian police
Image caption Гумондор "Шератон" меҳмонхонаси ёнидан ўтиб кетган.

Бельгия прокуратураси Брюссел портлашларига алоқадор янги видеоматериални эълон қилган.

Видеолавҳада портлашларда гумон қилинганлардан бири Завентем аэропортидан чиқиб кетаётгани акс этган.

Бельгия ҳукумати тахмин қилишича, ҳужум иштирокчилари тўрт киши бўлиб, уч худкуш портлашда ҳалок бўлган, биттаси қочиб юрибди.

Кузатув камералари видеотасвирларида кўринадики, гумонланувчи очиқ рангли куртка, мовий ранг кўйлак ва шляпада бўлган.

Бундан олдин прокуратура юклари ортилган аравани ушлаган "шляпали киши" икки худкуш билан кетиб бораётгани акс этган видеони тарқатган эди.

Прокурорларнинг сўзлари бўйича, шубҳали киши Завентемдаги портлашлардан кейин эрталаб соат 7.58 да аэропортдан чиқиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Belgian police
Image caption Гумондор Завентемдан шаҳаргача пиёда борган.

Сўнгра у Sheraton меҳмонхонаси ва автомобилларни ижарага берувчи ширкат биноси олдидан ўтиб кетади.

Полициянинг таъкидлашича, аэропортни тарк этган "шляпали киши" қайсидир пайт ўзининг очиқ рангли курткасини улоқтиради.

Пиёда 10 километр

Эрталаб 8:50 да у шаҳар марказига йўл олиб, Гроте Даальстраат ва шоссе де Лувен чорраҳасини кесиб ўтади. У пайтда кўйлагининг қўллари қайирилган бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Belgian police
Image caption Маълум бир вақтда гумондор ўзининг оч рангдаги курткасини ечиб ташлаган.

Гумонланувчи шоссе де Лувенда ҳаракатини давом эттириб, де Брабаконн хиёбонига қайрилади ва соат 9.50 да рю дю Нойеда кузатув камераси экранларидан ғойиб бўлади.

Аэропортдан чиққанидан кейин ўтган икки соат ичида "шляпали киши" қарийб 10 чақирим пиёда йўл босади.

22 мартда Брюссел аэропорти ва Маленбек метро бекатида содир этилган портлашларда 32 инсон ҳалок бўлган, 300 га яқин киши турли даражада жароҳат олган.

Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

Бельгия ҳукумати кимдаки гумондорларга таалуқли қандайдир маълумот, портлаш саҳнасидан тасодифий видео лавҳа мавжуд бўлса, зудлик билан полицияга хабар беришни сўраган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ