Қорабоғ: томонлар бир-бирини ўт очишда айбламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Озарбайжон ва Қорабоғ оташкесим шартлари бузилаётганликда бир-бирини айблаган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, Арманистон ўтган кун давомида 120 марта келишувни бузган.

Расмийларнинг билдиришича, Арман кучлари озарбайжон манзилларини ҳам Арманистон ҳудудидан, ҳам Тоғли Қорабоғдан туриб нишонга олганлар.

Бунга жавобан Озарбайжон томони ҳам 121 та қуролли жавоб қайтарган.

Ўз навбатида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги оташкесимга Озарбайжон амал қилмаганлигини иддао қилган. Уларга кўра, Озарбайжон 60 миллиметрлик миномётлардан ўт очган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Озарбайжон 16 марта йирик калибрли қуроллардан шимоли шарқий йўналишдаги Арман ҳарбийлари постларини ўққа тутди, демоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Тоғли Қорабоғда ўтган шанба бошланиб кетган қақшатқич ўт очишлардан уч кун ўтиб, 5 апрелда оташкесимга эришилган. Бироқ орадан кўп ўтмай томонлар бир-бирини келишувни бузаётганликда айблаганлар.

Кузатувчилар ҳам оташкесимни жуда нозиклигини, исталган пайт яна уруш бошланиб кетишидан хавотир билдиришган эди.

2 апрелда қайта қўзғалган Қорабоғ можароси Озарбайжон ва Арманистон ўртасида охирги 22 йилдаги энг ёмон тўқнашув бўлгани айтилган.

Минтақадаги уч кун давом этган ҳарбий тўқнашувлар 33 инсоннинг ёстиғини қуритган.

Яраланганлар сони эса 200 дан ортиқ экани айтилади. Бундан ташқари, томонлар ўнлаб ҳарбий техникаларни яксон қилганларини билдирганлар.

Асли Озарбайжон ҳудуди бўлган Қорабоғ минтақаси учун 30 минг инсон қурбон бўлган олти йиллик урушдан сўнг 1994 йил тинчлик келишувига эришилган. Бироқ Тоғли Қорабоғ арманлар назоратига ўтган.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўзини эканини таъкидлаб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ