Британия полицияси афғон болакайни қутқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Каледа жойлашган муҳожирлар жамлоғида хайрия ташкилоти ходимларидан бири афғон болакай қўлига мобил телефонини тутқизади. Йўлда нафаси бўғилиб қолган болакай телефондан “оксижан”-кислород қолмаётгани ҳақида СМС юборади.

Шундан сўнг у ва бошқа 14 кишини юк машинаси контейнерида Каледан Британияга олиб борувчи М1 магистрал йўлида полиция ходимлари қутқаради.

Лестершэ полициясига кўра, муҳожирлар гуруҳи Лестершэ Форест Ист йўл хизматлари станциясида қўлга туширилган.

Полициянинг айтишича, миграция расмийлари бу ишга аралашиб, болакайни ҳимоя қилиш саъй-ҳаракатини йўлга қўйганлар. Ҳеч ким шифохонага олиб кетилмагани хабар қилинган.

“Оксижан йўқ”

Бутун ҳодиса ўтган пайшанба куни Аҳмад исмли бола ва унинг акаси Британияга йўл олган оғир юк машинасига минганларидан сўнг бошланиб кетган.

Аҳмад ўз чўнтагида Франция шимолидаги “Help Refugees “ қочқинларга ёрдам кичик хайрия ташкилоти томонидан берилган мобил телефонини яширган.

Мазкур хайрия ташкилотининг айтишича, болаларнинг хавфсизлиги ва омонлиги учун уларга мобил телефонларини тарқатишган.

Машинада кетаётиб, Аҳмад хайрия ташкилоти ходимлари бири бўлмиш Лиз Клегга СМС юборган. Лиз ўша вақтда Нью-Йоркда ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этаётган бўлган.

СМСда чала инглиз тилида "I ned halp darivar no stap car no oksijan in the car no sagnal iam in the cantenar. Iam no jokan valla" деб ёзилган.

Бу сўзларнинг таржимаси: “Менга ёрдам керак...ҳайдовчи тўхтамаяпти...машинада кислород йўқ... сигнал йўқ...мен контейнердаман..худо ҳаққи, ҳазиллашмаяпман..." маъносини англатади.

Лиз Клег дарҳол Буюк Британияда ишлаётган бошқа бир хайрия ташкилотининг ходимаси Таня Фридманга хабар беради.

Таня Фридман Би-би-сига “Лиз болага қўнғироқ қилди ва овозидан у оғир ҳолатга тушганини сезди, унинг аҳволи ўта жиддий эди”, дейди.

“У Аҳмадга кучини сақлаш мақсадида ортиқча ҳаракатланмаслигини маслаҳат берган.”

“Инсон ҳаёти қутқарилди”

Таня Фридман Кент полициясини огоҳлантиради, бундан сўнг полиция зобитлари, бошқа ёрдам гуруҳларининг ҳодимлари ва пуштун забон таржимон билан биргаликда Аҳмадга қўнғироқ қилиб, у билан гаплашишган.

Улар оғир юк машинасини аниқлаб изига тушишга мувафақ бўлганлар.

Лестершэ полицияси контейнерни очиб, у ерда тиқилиб қолган муҳожирларни озод қилишган. Полицияга кўра, ноқонуний муҳожирликка ёрдам бериш гумони билан бир киши ҳибсга олинган.

Таня Фридманнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, болакай ўта хавотирли аҳволда бўлган.

“Биз бугун бир неча инсон ҳаётларини қутқардик,”-дейди у.

Қочқинлар масалалари билан шуғулланган хайрия ташкилотлари Британ вазирларини жамлоғда қолиб кетган ёлғиз болаларнинг Британияга келишларига рухсат беришга чақирмоқдалар.

Ўтган ой Лордлар палатаси Оврўпо бўйлаб қолиб кетган 3 минг ёлғиз боланинг Британияга келиши борасидаги режани маъқуллаганди.

Каледаги "чангалзор" номи билан таниқли жамлоқларда қочқинлар сони охирги икки йилда бир неча баравар ошганди.

Январ ойида Франция ҳукумати муҳожирларнинг масжид ва мактабларини кўчиргани хабар қилинганди.

Франция полицияси олдинги йилларда ҳам мамлакат шимолидаги Кале шаҳрида бандаргоҳ яқинидаги жамлоқлардан юзлаб муҳожирларни кўчирган.

Мулозимларга кўра, бу ерда санитария-гигиена шартларига риоя қилинмагани учун тери касаллиги тарқаган ва улар бунга қарши чора кўришга киришганлар.

Каледа Осиё, Африка ва Яқин Шарқдан келган минглаб қочқинларнинг жамлоқлари пайдо бўлганига бир неча йил бўлган.

Қочқин-муҳожирларнинг кўпи Кале бандаргоҳи орқали "иш топиш" ва "яхши хавфсиз ҳаёт" умидида Британияга ўтишга ҳаракат қилиб келадилар.

Қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари муаммоси ҳал қилинмас экан, Оврўпо Иттифоқининг мавжудлиги ҳам савол остида қолиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ