Ҳиндистон: ёнғин қурбонлари ошиши мумкин

Ҳиндистон жануби-ғарбидаги Керала штати ибодатхонасида содир бўлган ёнғин оқибатида 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 200 га яқини жароҳатланган.

Шифокорларга кўра, ўнлаб ярадорларнинг аҳволи жуда оғирлиги боис, қурбонлар сони кўпайиши мумкин.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ёнғин пиротехника омборидаги портлаш натижасида келиб чиққан. Омборда ҳиндуларнинг фестивалида ишлатиш учун кўплаб пиротехника воситалари сақланган бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ёнғин оқибатида ибодатхона вайрон бўлган.

Оғир аҳволдаги ярадорлар Керала штати пойтахти Тривандрам касалхонасига олиб кетилган.

Полиция раҳбарининг Би-би-сига айтишича, бир қанча жасадлар шу қадар куйиб кетганки, уларни фақат ДНК текшируви орқали кимлигини аниқлаш мумкин бўлади.

Керала штати Ички ишлар вазири Рамеш Ченнитала ҳалокат сабаблари текширилаётганини айтган.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ёзишича, маҳаллий ҳукумат хавфсизлик юзасидан ва аҳолининг норозилиги сабаб ибодатхонада мушакбозлик томошаси ўтказилишига рухсат бермаган.

Фожеа жойига борган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.

Ҳиндуларнинг турли байрамларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда мушакбозликнинг қўлланилиши тез-тез турли фожеавий ҳодисаларни келтириб чиқаради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ