Обама: Ливия - ўз президентлигимнинг энг катта хатоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Президенти Барака Обама Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ағдарилиши ортидан юзага келадиган вазиятга тайёргарлик кўрмаганини ўзининг энг ёмон хатоси эканини айтди.

Жаноб Обама Fox News телеканалига ўз президентлик даврининг яхши ва ёмон кунлари ҳақида интервью берган.

Аммо, унинг айтишича, Ливияга ҳарбий куч билан кириш "тўғри қарор" бўлган.

АҚШ ва бошқа давлатлар Ливиядаги 2011 йилги ғалаёнда оддий аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаво зарбаларини амалга оширдилар.

Бироқ, Ливия президенти ўлдирилиши ортидан, мамлакат бошбошдоқликка юз тутди. Исломий жангарилар қудратни эгаллар эканлар, икки рақиб парламент ва ҳукуматлар тузилди.

Ўзини Исломий Давлат деб атайдиган жангари гуруҳ мамлакатда ўрнашиб олди, ҳамда Ливия Оврўпога етиб олишга интилган муҳожирларнинг йирик манбаига айланди.

БМТ қўллаб-қувватлови остидаги миллий иттифоқ ҳукумати шу ой бошида пойтахт Триполига етиб келган, аммо ҳали ҳам назоратни ўз қўлига олгани йўқ.

Санди Ҳук - "энг ёмон кун"

Бу Президент Обаманинг Ливия устидан илк марта афсус чекиши эмас. Ўтган ой "Atlantic" журналига берган интервьюсида у Ливиядаги амалиёт кутилганидек амалга оширилгани, аммо у мамлакатда ҳозирда "тартибсизлик" ҳукм сураётганини айтган.

Ўз интервьюсида у Франция ва Британияни ҳам танқид қилган, хусусан Британия Бош вазири Дейвид Камеронни ишғол ортидан "чалғиган"ини айтган.

Президент Обаманинг Fox каналига айтишича, ўз президентлиги даврида эришган энг йирик муваффақияти "иқтисодни чуқур инқироздан сақлаб қолиш" бўлган.

Унга кўра, президентлиги давридаги энг бахтли куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни тасдиқлатиб олганида бўлган. Энг ёмони эса -Санди Ҳук бошланғич мактабидаги қирғин.

Жаноб Обама ўтган йили Би-би-си билан ҳам ўз президентлиги ҳақида суҳбатлашган ва қуроллар устидан назорат ўрната олмаганидан таассуф изҳор қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг