Сурияда Россия тикучари ҳалокатга учраган

Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Сурияда Россиянинг Ми-28Н "Ночной охотник"-"Тунги овчи" ҳарбий тикучари қулаб тушган.

Тикучардаги икки учувчи ҳам ҳалок бўлган. Уларнинг жасади Россиянинг Ҳмеймим ҳаво базасига етказилгани айтилмоқда.

Ҳалокат сешанба тунги 1.30да Ҳомс шаҳри ҳудудида юз берган.

Мудофаа вазирлиги билдиришича, тикучар уриб туширилмаган, унга нисбатан ўт очиш амали кузатилмаган.

"Воқеа жойига етиб борган тезкор гуруҳ фожеа сабабларини ўрганмоқда", - деб айтган Россия расмийлари.

Бу Россия ҳаво кучларининг Сурияда ҳарбий амалиётлар бошлаганидан бери учинчи йирик талофоти ҳисобланади. 2015 йил ноябрда Туркия қирувчи учоғи Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини уриб туширган, бунга учоқнинг Туркия ҳаво ҳудудини бузиб кирганлиги, деб изоҳлаганди. Россия буни тан олмаган. Бир учувчиси ҳалок бўлган, иккинчиси қутқарилган эди.

Су-24 учоғи қулаб тушган жойдаги қидирув-қутқарув ишларида Россия кучлари яна бир ҳарбий техникаси-Ми-8 тикучарини йўқотган, ҳодисада бир аскар ҳалок бўлганди.

Ми-28 тикучари –нафақат Россияда, Кения, Ироқ каби бошқа мамлакатларда ҳам ишлатилади.

Охирги йилларда Россия ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий қудратни ошириш давлат лойиҳаси доирасида юзлаб шундай тикучарларни қабул қилиб олган.

2015 йил августида Рязан яқинида Ми-28 нинг ҳалокатга учраши орқасидан бу турдаги тикучарлардан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатганди.

Дастлабки тахминларга биноан, ҳалокатга тикучардаги техник носозлик, учувчилар хатоси ёки ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлган, деб кўрилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ