Гройсман Украинанинг янги бош вазири

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

Украинадаги бир неча кунлик сиёсий ноаниқлик ортидан мамлакат парламенти Володимир Гройсманни бош вазир лавозимига тайинлашни маъқуллаб овоз берган.

Володимир Гройсман шу пайтгача Украина Радаси спикери лавозимини эгаллаб келаётган ва бош вазир Арсений Яценюк истеъфоси ортидан жаноб Гройсман ҳукуматни бошқариши мумкинлиги ҳақидаги башоратлар билдирилаётган эди.

Парламентдаги депутатларнинг 257 нафари ўз спикерларини Украина бош вазири этиб тайинлаш таклифини ёқлаб овоз берганлар.

50 депутат қарши овоз берган.

Яценюк раҳбарлигидаги ҳукуматни анчадан буён етарли беамаллик ва коорупцияга ботганликда айлаб келишади.

Ҳукумат охирги ҳафталарда жиддий муаммоларга дуч келди.

Хусусан, кўзга кўринган ислоҳотчи деб тан олинган қатор сиёсатчилар ҳукуматни тарк этдилар.

Икки ой олдин Иқтисодиёт вазири Аиварас Абромавичюс истеъфо беришга қарор қилганини эълон этди, ҳукуматни коррупцияга чек қўйиш мақсадида етарли саъй-ҳаракат қилмаганликда айблади.

Арсений Яценюк 2014 йил февралида россияпараст собиқ президент Виктор Януковични қудратдан ағдарган йирик норозилик намойишларидан буён бош вазирлик лавозимини эгаллаб келаётган эди.

10 апрел куни истеъфога чиқишини эълон қиларкан, Арсений Яценюк Украина сиёсатчиларини “ҳақиқий ўзгаришларни амалга оширолмаганликда” айблади.

Шу йил февралида Президент Пётр Порошенко жаноб Яценюкдан истеъфога чиқишни талаб қилган, бироқ мамлакатда машҳурлиги тушиб кетганига қарамасдан, парламентдаги овоз беришда унга ишонч берилган эди.

Володимир Гройсман Президент Пётр Порошенконинг иттифоқчиси ҳисобланади.

Радада бош вазир номзоди учун овоз беришдан олдин парламент аъзолари қаршисида Президент Порошенко чиқиш қилган.

Танқидчилари Пётр Порошенкони ҳақиқий ўзгаришлар йўлида ўзи тўсиқ бўлиб турганликда айблашган, бунга жавобан жаноб Порошенко ўзининг ҳукуматининг асосий мақсади Оврўпо билан янада кўпроқ интеграцияга эришиш ва коррупцияга қарши кураш бўлишини таъкидлаган.

Володимир Гройсман Украина марказидаги Винница шаҳрида 1978 йили 20 январида туғилган.

Винница шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаган йилларида йўлларни таъмирлаб, коммунал хизматлар фаолиятини яхшилаган, ҳокимият билан халқ мулоқотини яқинлаштиргани одамлар орасида машҳурлигини оширган.

2014 йилги парламент сайловидан кейин Киевга таклиф этилган, Украина парламенти спикери лавозимини эгаллаган эди.

Би-би-си мухбири ёзишича, энди жаноб Гройсман Оврўпо Иттифоқи дастаклаган ислоҳотларни давом эттириш босими остида қолади.

"Биз ҳаммамиз биргаликда Украинани муваффиқятли қиламиз", деб айтган Володимир Гройсман бош вазир этиб сайланганидан кейин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ