Рим Папаси Лесбос оролида муҳожирларни бориб кўрди

Грециянинг Лесбос оролидаги жамлоқда сақлаб турилган муҳожирлар билан учрашган Рим Папаси Франциск, дунё Оврўподаги муҳожирлик инқирозини ҳал этиш йўлида кўпроқ иш қилиши керак, деб айтган.

Эгей денгизидаги Лесбос оролида ўз ҳаётларини хатар остига қўйиб Оврўпога етиб олишга қарор қилган қочқинларнинг 3000 нафари тўпланган.

Мориа деб номланган жамлоқда болалар, аёллар ва эркаклар сақланмоқдалар, Рип Папаси жамлоққа борган пайти муҳожирлар Папанинг оёғига йиқилганлар, ўзларини тезроқ бу ердан олиб чиқиб кетишга ёрдам беришни йиғлаб сўраганлар.

Папа Франциск юзлаб муҳожир билан қўл бериб кўришган.

Сўнг махсус чодирда Рим Папаси Афғон, суриялик ва язидий қочқинлар билан суҳбатлашган.

Бир қизалоқ чизган суратини Папага берган, Папа ўз қўриқчиларига қоғозни букламасликка буйруқ берган.

"Букламанг, мен унинг ўз столимда туришини хоҳлайман", деб айтган Франциск.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Доимо қочқинларни ҳимоя қилиб келадиган Рим Папаси ушбу инқирозни Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги инсонларни азоб-уқубатга қўйган энг ёмон муҳожирлик инқирози деб атаган.

Бундан олдин у Италиянинг Лампедуза оролидаги муҳожирлар билан ҳам учрашган эди.

Жаҳон католик насронийларининг раҳбари Оврўподаги черковларни имкони борича кўпроқ муҳожирларни қабул қилишга чақириб келади.

Лесбос оролида муҳожирлар билан кўришар экан, "сиз ёлғиз эмассиз", деб айтган.

"Инсонларнинг эътиқоди сифатида бизнинг илтижоларимизга сиз ҳам қўшилинг! Умидни йўқотманг!" деб айтган Папа Франциск муҳожирлар олдида қилган маърузасида.

Юнонистон телеканали хабар қилишича, Рим Папаси 12 суриялик муҳожирни ўзи билан Ватиканга олиб кетишга қарор қилган.

Бу муҳожирларнинг номи қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган.

Ўтган ой Оврўпо Иттифоқи билан Туркия ўртасида эришилган келишувга биноан, 4 апрелдан бошлаб Оврўпо Иттифоқига 20 мартдан кейин кирган қочқинлар Туркияга қайтарилади.

Туркияга қайтган ҳар бир суриялик қочқин учун ОИ аллақачон Оврўпога қонуний кирган Сурия фуқаросига бошпана бериш мажбуриятини олган.

Шу билан бирга, ортга қайтарилган ҳар бир суриялик эвазига Туркиядаги бир сурияликка Оврўпо Иттифоқидан бошпана берилади.

Бу келишувнинг мақсади муҳожирлар оқими билан юзма-юз қолган Оврўпо давлатларидаги тангликни енгиллаштириш, бироқ инсон ҳақлари ташкилотлари бу келишувни қоралаб чиққанлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ