Эквадордаги зилзила кўп одамни нобуд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эквадорда 7,8 балли зилзила камида 77 одамни ўлдирди ва 500дан ортиғини яралади.

1979 йилдан бери мамлакатда юз берган энг кучли зилзила шанба куни маҳаллий вақт билан 18:58да Эквадор шимолидаги Муисне шаҳри яқинида содир бўлди.

Кўп иморатлар қулаган, эпицентрдан 300 чақиримча масофадаги кўприк ҳам вайрон бўлган.

Бойака шаҳри яшовчиси Карла Пералто Би-би-сига: "Умримда ҳеч бунақа нарсани сезмагандим. Жуда кучли бўлди. Жуда-жуда қўрқдим. Эй Худо, тўхтат, балки бугун ўларман, деб ўйладим", - деди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Италиядаги сафаридан қайтаётган Президент Рафаэл Коррея фавқулодда вазият ҳолатини эълон қилди.

"Йўллар ва касалхоналарни қайта қурса бўлади. Лекин, нобуд бўлган одамларни ҳаётга қайтара олмаймиз. Энг оғриқлиси шу", - деди Эквадор президенти.

Вице-президенти Хорхе Гласнинг билдиришича, ҳалок бўлганлар сони янада ошиши мумкин, чунки зилзиладан жабр чеккан баъзи ҳудудларга ҳали етишнинг имкони бўлмади.

Падернале шаҳрининг ҳокимига кўра, ўнлаб бинолар ер билан яксон бўлган ва шаҳар бўйлаб талон-тарожлик бошланиб кетган.

"Биттагина уй эмас, бутун шаҳар бинолари қулади", - деди ҳоким Габриэл Алсивар.

Манта шаҳри яшовчисининг айтишича, электр қуввати ва телефон линиялари узилган, одамлар эса катта рюкзакларини ортиб олиб дарз кетган йўллардан тепаликлар сари юришмоқда.

Мантада вайрон бўлган иншоотлар орасида аэропорт минораси ҳам бор.

АҚШ Геологик сўрови маркази хабар қилишича, зилзила Муисне шаҳридан 27 чақирим узоқликдаги аҳоли кам яшайдиган ҳудудда анча саёз чуқурликда (19,2км) юз берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.