Қрим Татарлар Межлиси расман тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Қрим аннексиясига қарши чиққан Қрим Татарлар Межлиси раҳбарлари Чубаров ва Жемилевларга Россияга кириш тақиқланган.

Россия Адлия вазирлигининг 18 апрелда чиқарган қарорига кўра, Қрим Татарлари Межлиси фаолияти расмий тарзда тўхтатилган.

Миллий межлис "экстремистик фаолият олиб борган жамоатчилик ва диний ташкилотлар рўйхати"га киритилган.

Қарор вазирлик сайтида эълон қилинган. Унда айтилишича, Қрим Республикаси прокурори Наталья Поклонская "Қрим татар халқи межлиси"ни экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритганидан сўнг, ташкилот фаолиятини тўхтатиш қарори берилган.

Межлис — Миллий қурултойнинг ижро этувчи органи бўлиб, қрим татар халқининг ваколатли идораси саналган.

Межлис раҳбарлари украиналик сиёсатчилар Рефат Чубаров ва Мустафо Жемилевлар Қримнинг Россияга қўшилишига қарши чиққанлар ва босимлар ортида ярим оролни тарк этишга мажбур бўлгандилар.

2014 йилда Россия ўзига қўшиб олган тан олинмаган Қрим ҳукумати томонидан улар "миллий низони қўзғаганлик" айблови билан 5 йилгача Россияга киришлари тақиқлаган.

“Экстремистик фаолият олдини олиш"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Қрим Республикаси прокурори Наталья Поклонская "Қрим татар халқи межлиси"ни экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган.

Олдинроқ, прокурор қарори нусхасини Қрим Татарлари Межлиси манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган адвокат Жамил Темишев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилганидан кейин Қрим прокурори Наталья Поклонская бу хабарни тасдиқлаган.

“Бугун мен федерал қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик мақсадида “Қрим Татарлари халқи Межлиси” жамоат бирлашмасининг фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдим”, деб айтган Поклонская хоним 13 апрел куни Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига.

Ўз қарорида Россия аннексия қилган Қрим прокурори Россиянинг “Экстремистик фаолият олдини олиш тўғрисида” деб номланган қонунига асосланганини айтган.

“Тўпланган далиллар шуни тасдиқлайдики, ушбу жамоат бирлашмасининг мақсади ва амаллари экстремистик фаолиятни амалга оширишга қаратилган”, деб ёзилган прокурор Поклонскаянинг имзолаган қарорида.

Адвкоат Жамил Темишевнинг айтишича, прокурор қарори устидан маҳкамага шикоят этишга қарор қилганлар.

“Бизнинг процессуал мухолифимиз бундай қарорнинг маҳкамавий истиқболи йўқлигини англаб турган бўлса-да, шу йўл фаолиятни тўхтатишга интилаяпти. Албатта, биз бунинг устидан шикоят қиламиз”, деб айтган адвокат Жамил Темишев ТАСС ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Бундан кейин Қрим Олий суди Қрим Татарлари Межлисини экстремистик ташкилот деб тан олиш ёки олмаслик ва Межлис фаолиятини Россия ҳудудида тақиқлаш борасидаги ишни кўриб чиқиши кутилади.

Россия аннексиясидан кейин Қрим Татарлари Межлиси раҳбарлари Мустафо Жамилев ва Рефат Чубаровларнинг ярим орол ҳудудига киришлари тақиқланган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ