Порошенко Путин билан Савченкони озод қилишга келишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина президенти Петр Порошенко ўзининг рус ҳамкасби Владимир Путин билан Россияда 22 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган украин ҳарбий Надежда Савченкони озод қилиш бўйича илк режага эришиб олганини айтган.

"Путин билан кеча олиб борилган суҳбат менинг ташаббусим билан бўлди, ва илк қадамларга асосланиб айтсам, менимча, Надежда озод этилиши йўлида қандайдир режага келишиб олишга муваффақ бўлдик", - деди Порошенко Киевда Дания Бош вазири Ларс Расмуссен билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида.

Аввалроқ Порошенко, Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд Россия ҳукуматини Надежда Савченкони зудлик билан озод қилишга чақирганлар. Савченко суд ҳукмидан норозилик билдириб қуруқ очлик эълон қилган.

Ўтган ҳафта Грузия парламенти ҳам резолюция чиқариб Россияни Надежда Савченкони ва бошқа "ноқонуний қўлга олинган" украин фуқароларини зудлик билан озод қилиш ва Украинага топширишга ундаган.

Савченкога қарши ҳукм март охирида чиқарилганди. Россиядаги суд уни Донбассда икки россияликни ўлдириш, тинч аҳоли жонига қасд қилиш ва Россия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топган.

Савченконинг ўзи айбдор эканини рад этади ва россиялик икки журналист ўлимидан бир соат аввал асирга олингани, шунинг учун ҳам бу қотилликка алоқадор бўлиши мумкин эмаслигини айтади.

Ўтган душанба куни Киевда террорчиликда айбланиб 14 йилга қамалган россиялик Евгений Ерофеев ўзи ва сафдоши Александр Александровга қарши ҳукм Савченко учун ўч олиш мақсадида чиқарилганига ишонишини айтди.

  • BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ - BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring