Ислом ахлоқ полицияси қандай ишлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эрон махсус хизматлари мажбурий исломий дресс код талаблари қандай бажарилаётганини кузатиш учун ҳукумат ишчилари ниқоби остида биратўла минглаб жосусларни ишга олган.

Улар нафақат аёлларни балки эркакларни ҳам исломий кийиниш тартибларига амал қилаётганларини кузатиб боради.

Аслида, бундай ахлоқ полицияси фақат Эронда амал қилмайди. Бу каби ҳукумат тизимлари аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган бир қанча мамлакатларда, жумладан, Саудия Арабистони, Судан ва Малайзияда бор ва улар муваффақият билан ишлаб келмоқдалар.

Бироқ бу мамлакатлардаги Ғарб турмуш тарзини маъқул кўрадиганлар учун шахсий ҳаётларини ҳукумат томонидан назорат қилиниши ғашга тегувчи ҳолатдир.

Шунга қарамасдан, кўпчилик бу тарздаги назорат ғоясини маъқуллайди. Ўсиб бораётган диний анъанадорлик эса ҳатто ахлоқ полицияси умуман бўлмаган мамлакатларда ҳам шу каби тизимлар тузилиши тўғрисидаги чақириқларга сабаб бўлмоқда.

Демак қайси давлатларда фуқароларнинг ахлоқий кўриниши давлат даражасида назорат қилинади?

Эрон
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тизимнинг номи: Гашт-э-Эршод("ўргатувчи патруллар) Басиж ҳаракати дастагида ишлайди.

Улар ким:

1979 йил Ислом инқилобидан кейин Эронда турли ахлоқий полициялар фаолият олиб борган. Бироқ айни пайтда Гашт-э-Эршод жамоат жойларида исломий ахлоқ нормаларига амал қилишни назорат қиладиган асосий идора саналади. Гашт-э-Эршод 2007 йил "исломга тўғри келмайдиган кийим"га қарши кураш чораларидан бири сифатида тузилган.

Полициянинг асосий эътибори аёлларнинг ҳижоб кийишларига, пардозларига қаратилган. Яъни, улар шариат талабларига жавоб бериши, соч ва тананинг катта қисмини ёпиб туриши керак.

Бугунги кунда ахлоқ полицияси огоҳлантириши, жарима ёзиши ва ҳатто ҳибсга олиши мумкин. Бироқ, шу йилдан бошлаб уларни бу ҳуқуқлардан маҳрум қиладиган қонун ишга тушиши кутилмоқда.

Бунинг ўрнига Гашт-э-Эршоднинг фуқаро кийимидаги 7000 жосуси кўчаларга чиқиб, дресс-кодни бузиш ҳолатларидан полицияни хабардор қилиб боради. Тахмин қилинишича, Гашт-Э-Эршод ходимларининг катта қисми Басижа аъзолари бўлган ярим ҳарбий кўнгилли милиция ходимларидир. Уларнинг орасида аёллар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Одамлар нима дейди: Ахлоқ полициясини аёллар учун таҳдид деб кўрадиганларнинг аксарияти Эронда ўзига тўқ аҳолиси яшайдиган шаҳарликлардир. Айнан улар шариат меъёрларини бузишга кўпроқ мойилдирлар. Мисол учун, сочни ёпиб туриши керак бўлган рўмолни улар иложи борича орқага суриб ўрайдилар. Кийим танлашда эса енгил ва айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида ислом меъёрлари билан қараганда очиқ саналганларни танлайдилар. Шунингдек, ғарбча соч кўринишини афзал кўрадиганлар ҳам назоратга олиниши мумкин.

Ҳатто ахлоқ полицияси билан тўқнаш келиб қолишдан огоҳлантирадиган смартфонлар учун махсус дастурлар ҳам пайдо бўлган. Фойдаланувчилар бунда текширувчиларга учрамаслик учун одамларга бошқа йўлни танлашни маслаҳат берадилар. Жрон Президенти Ҳасан Руҳоний Гашт-э-Эршод фаолиятидан норозилигини билдирган. Бироқ Эрон Конституцияси президентнинг махсус хизматлар устидан назорат ваколатини қаттиқ чеклайди.

Саудия Арабистони
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Саудияда турмушга чиқмаган аёлнинг эркак билан мулоқоти тақиқланади.Мутава хизмати 1940 йилда ташкил топган. Унинг вазифаси дастлаб жамоат жойларида шариатга амал қилинишини назорат этиш бўлган.

Бу қоидаларга кўра, қариндошчилик алоқалари бўлмаган эркак ва аёлни жамоат жойларида, ҳатто дафн маросимларида ҳам мулоқот қилишини тақиқлайди. Аёллар кўзларидан бошқа ҳаммма жойларини ёпиб турувчи кийим кийишлари лозим.

Мутава ходимлари полиция кийими ўрнига эгниларига анъанавий саудия костюми, бошларига куфия кийишади.

Одамлар нима дейди: Либерал қарашдаги саудияликлар ва ёшлар Мутавани қаттиқ ёқтирмасаларда, анъанадор сунний подшоҳликнинг аксарият аҳолиси уни қувватлайди.

Бироқ яқинда мамлакатда бир қанча ҳолатлар жамиятда баҳсларни келтириб чиқарган. Жумладан, мухлиси билан селфи тушишга рози бўлган таниқли актёрга айблов эълон қилингани ёки кийинтирилиши меъёрларга жавоб бермаган манекенларнинг дўконлардан олиб қўйилиши саудияликлар учун ноодатий баҳсларга сабаб бўлган.

Бу каби кескин тақиқлар ҳатто баъзи анъанадорлар учун ҳам ортиқча туюлган.

Балки шу сабабли ҳукумат ахлоқ полициясига қонунбузарликлар ҳақида расмий полицияни хабардор қилиш мажбуриятини қолдириб, мустақил тарзда ҳибсга олиш, жарима ёзишни тақиқлаб қўйди.

Мутавани 2012-2015 йилларда бошқарган Абдул Латиф Азиз ал-Шайхни ислоҳотчи деб биладилар.

Судан
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шим кийгани учун журналист Лубна ал-Ҳусайнга қамоқ жазоси белгиланган.

Суданда жамоатчилик тартиби полицияси деб аталадиган идора 1993 йил собиқ президент Умар ал-Башар томонидан тузилган.

Кўп суданликлар ахлоқ полициясини шахсий ҳаётга дахл қилувчи жазо берувчи орган деб ҳисоблайди. Бироқ салафитлардан иборат анъанадор оқим вакиллари ахлоқ полициясининг ишини қувватлайди.

Малайзия

Малайзияда тизим номи бир нечта бўлсада, аҳоли орасида "дин қўриқчилари" сифатида танилган.

Полиция қонунбузарликлар орқасидан ҳибсга олиш ҳуқуқи бор. Улар хилма-хил- Рамазон вақтида овқат ёки сув қабул қилишдан тортиб, эркак ва аёлнинг жамоат жойида ортиқча яқин туриши каби.

Қонунбузарлар одатий маҳкама тизимидан ажратилган шариат маҳкамасига берилади.

Малайзияда ҳам ахлоқ полицияси ўзига берилган ваколатларни ортиқча суистеъмол қилишда тез-тез айбланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ