ПКК раҳбари: “Туркияга қарши ҳарбий амалиётларимиз кенгайтиришга тайёрмиз”

Image caption "Курдлар то сўнггига қадар ўзларини ҳимоя қилишади. Токи Туркия ўз муносабатини ислоҳ қилмас экан, ПКК ҳарбий амалиётларини кенгайтираверади”

Курд Ишчилар партиясининг раҳбари Жамил Байик Би-би-си билан суҳбатда ўзининг ташкилоти Туркияга қарши ҳарбий амалиётларини кенгайтиришга тайёрлигини айтган.

"Курдлар то сўнггига қадар ўзларини ҳимоя қилишади. Токи Туркия ўз муносабатини ислоҳ қилмас экан, ПКК ҳарбий амалиётларини кенгайтираверади”, деб айтган Байик.

У шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонни мавжуд зиддиятни яна ҳам кучайтиришда айблаган.

"У (Эрдўғон) курдлар таслим бўлишини истайди. Агар таслим бўлишмаса, барча курдларни ўлдирмоқчи…Бу ҳақда у очиқ гапирмоқда, яшириб ҳам ўтиргани йўқ”, деб даъво қилади Байик.

Аммо курдлар раҳбарига кўра, улар Туркиядан ажралиб чиқишга ҳаракат қилаётгани йўқ, балки Анқара истагани тақдирда музокаралар учун ҳам тайёр.

Эрдўғоннинг маслаҳатчиси Илнур Чевик эса Туркия ПКК билан ҳеч қандай музокараларни режаламаётганини айтган.

"Улар Туркия ҳудудида алоҳида бир давлат тузишмоқчи экани яққол кўриниб турибди”, деб айтган Илнур Чевик.

Апрел ойи бошларида Туркия президенти Эрдўғон ҳам Курд ишчилар партияси билан тинчлик музокалари эҳтимолини рад этганди.

Айни партия Туркияда расман тақиқлангандир.

ПКК ва Туркия ҳукумати ўртасида икки йил давом этган муроса ўтган ой июл ойида бузилган эди.

Ўшандан бери Туркия армиясининг бу партия нишонларига қарши кураши жадаллашган.

Айни пайтда, мухбирларга кўра, курд жангарилари ҳам қўпорувчилик ҳаракатларини давом эттиришмоқда.

ПКК “Курдистон мустақиллиги” учун 1984 йилдан бериши қуролли кураш олиб боради.

Икки ўртадаги жангларда эса 40 мингдан ортиқ инсон қурбон бўлган.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ