Обама: Россия жазо чоралари кучда қолиши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Обама Олмонияда

Президент Обамага кўра, Россияга қарши қаратилган халқаро жазо чоралари то Москва Минск келишувини бажармагунга қадар кучда қолиши керак.

Обама шунингдек, АҚШнинг Суриядаги ҳарбий ҳозирлигини кенгайтириш ҳақида гапирган.

"Мен Россия билан яхши алоқалар ўрнатилиши тарафдориман, бу йўлда мен анча ҳаракат қилдим. Аммо биз жазо чораларини Россия Минск келишувини бажармагунича кучда қолдиришимиз лозим», деб айтган Барак Обама Олмония бизнес гуруҳлари қаршисида қилган чиқишида.

Барак Обама халқаро саноатчилар ярмаркаси Hanover Messe очилишида нутқ сўзлаган.

Минск келишуви Украина шарқидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган халқаро муросасозлар томонидан ишлаб чиқилгандир.

Бу келишув таркибида Донбассдан хорижий ва ёлланма қўшинларнинг чиқарилиши, асирлар ва маҳбусларнинг озод этилиши каби шартлар бор.

Бундан ташқари Донецк ва Луганск вилоятларида ўз-ўзини бошқаришга доир хос қонунчиликни тиклаш ҳам кўзда тутилган.

Оврўпо ва Украинага кўра, Минск келишуви украиналик учувчи, Россия томонидан 22 йиллик қамоқ жазосига лойиқ кўрилган Надежда Савченконинг озод этилишини ҳам тақозо қилади.

Ўз навбатида Россия Украинани Донбасснинг алоҳида мавқеига доир шартларни бажармаётганликда айблайди.

Иттифоқчиларга даъват

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Иттифоқчиларга даъват

Барак Обаманинг Ҳанноверга сафаридан асосий мақсад халқаро савдо алоқалари билан боғлиқдир.

У йирик немис ширкатлари раҳбарлари билан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўртасида эркин савдо ва сармоя ётқизишда ҳамкорлик масалаларини муҳокама этган.

Айни ҳамкорликнинг танқидчиларига кўра, бу келишувлар атроф-муҳитни муҳофаза этишга доир назоратни кучсизлантиради ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига салбий таъсир қилади.

У шунингдек, НАТО давлатларини хавфсизлик соҳасига кетадиган маблағлардан иқтисод қилмасликка чақирган.

Қочқинлар муаммосига ҳам тўхталган АҚШ президенти Оврўпони эшикларни ёпмасликка ундаган, Олмонияни Яқин Шарқдан энг кўп қочқинларни қабул қилган давлат ўлароқ олқишлаган.

Обама Сурияда АҚШ ҳарбий ҳозирлиги кенгайишини ҳам эълон қилган.

Янги режаларга кўра, Суриядаги АҚШ ҳарбийлари сони 50 нафардан 300 нафарга ортади.

Америкалик ҳарбийлар дўст ва иттифоқчи гуруҳларни ИШИДга қарши курашда кўмакдоши бўлишади.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring