Чернобил ҳалокатига 30 йил тўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинада Чернобил Атом электр станцияси портлаганининг 30 йиллигини хотирлаш маросимлари бошланган.

Чернобил фожеаси ядровий қувватдан фойдаланиш бошланганидан буён рўй берган энг ҳалокатли ҳодиса деб кўрилади.

1986 йилнинг 26 апрель тунида маҳаллий вақт билан соат 1:24 да АЭС реакторларидан бири назоратдан чиқиб кетиб портлаган, бунинг оқибатида радиоактив модда ҳавога тарқалган.

Радиация Украина, Россия, Беларус ҳудудларига, шимолий Оврўпо мамлакатларига тарқалган.

Атом электр станцияси реактори портлаши оқибатида ҳалок бўлган инсонларнинг сони баҳсли эканича қолмоқда.

2005 йили БМТ дастаклаган “Чернобил форуми” ҳисоботига кўра, илк портлаш 50 ка яқин инсон ўлимига сабаб бўлган.

Уларнинг аксари АЭС ишчилари бўлганлар.

Шўролар Иттифоқи ҳукумати ядровий фалокат ҳақидаги хабарнинг дунёга тарқалишини истамаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jerzy Wierzbicki

Шу боис Чернобил ҳалокатига мутаносиб чора кўриш амаллари ҳам кечиккан.

Атом электр станциясига яқин ҳудудда яшаган инсонлар бошқа жойга кўчирилганлар.

Ядровий фалокат оқибатларини бартараф этишга бутун СССРдан, жумладан, Ўзбекистондан ҳам одамлар сафарбар этилганлар.

Уларнинг аксари ҳарбийлар бўлганлар.

Бироқ орадан йиллар ўтиб, ўша пайтда Чернобил оқибатларини бартараф этишда қатнашган инсонларни радиация нурланишидан асраш учун талаб даражасидаги чора-тадбир кўрилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Славутич шаҳрида тунги соат 1:24 да қурбонлар хотирасига шамлар ёқилган.

Ўзбекистонликлар орасида ҳам ўз ихтиёри билан Чернобилга бориб ишлашни ихтиёр этган одамлар бўлган.

Улар радиация туфайли саломатлигини йўқотганлар.

СССР ҳукумати Чернобил оқибатларини бартараф қилишда қатнашган инсонларга худди Иккинчи Жаҳон уруши ва Афғон уруши қатнашчиларидек имтиёзлар жорий этган.

Чернобил АЭСи атрофидаги ҳудудларда радиация миқдори ҳамон инсон саломатлигига хатарли даражада қолмоқда.

АЭС биносининг вайроналари ичида ҳали ҳам кўп миқдорда радиоактив моддалар қолмоқда ва реактор ва бино қулаши ҳавога янада кўп радиация чиқиб кетишига олиб келиши мумкин деган хавотирлар билдириб келинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Чернобил форуми” радиация 9000 ча инсон ўлимига сабаб бўлган, деб ҳисоблайди.

Бироқ “Гринпис” ташкилоти Чернобил ҳалокати 93000 атрофида инсон умрига зомин бўлган, деган фикрда.

Олган нурланишидан айрим одамлар 2004 йили ҳам ҳаётдан кўз юмганлар.

Чернобилга яқин бўлган ҳудудларда ҳозир ҳам чақалоқлар жисмоний нуқсонлар билан туғилаётгани кузатилади.

Халқаро ҳамжамият кўмаги билан Чернобил реактори устини ёпишга қарор қилинган, бу лойиҳа 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ