Салоҳ Абдусалом Францияга экстрадиция қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BelgianFrench police

Белгия прокуратураси хабар қилишича, 2015 йил ноябридаги Париж ҳужумларининг асосий гумондори ва 18 март куни Брюссел шаҳри четида ҳибсга олинган Салоҳ Абдусалом Францияга экстрадиция этилган.

Белгия оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, экстрадиция амалиёти ўта махфий шароитда 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси ўтказилган.

26 ёшли Салоҳ Абдусалом 13 ноябрида Париж шаҳрида бир неча жойларга ҳужум қилганларидан кейин тирик қолган икки ҳужумчидан бири деб кўрилади.

Париж ҳужумларида 130 инсон ҳалок бўлганди.

Ҳужумчилар ўзларини ўзлари портлатганлари айтилади.

Салоҳ Абдусалом портлашлар пайти Парижда бўлганини рад этган.

Полиция тахминича, Салоҳ Абдусалом энг сўнгги дақиқада ўзини портлатмасликка қарор қилган.

Адвокати Свен Марининг айтишича, Абдусалом Белгия прокуратураси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Унинг кўрсатмалари тергов учун "олтиндан қиммат"дея таърифлаган адвокати.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Салоҳ Абдусалом 18 март куни Моленбекда қўлга олинган.

Салоҳ Абдусалом Белгияда туғилган, бироқ Франция ватандошлигини олган.

Париж ҳужумларидан кейин унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

18 март куни Салоҳ Абдусалом Моленбек бўлгасида қўлга олинган, ҳибсга олиш пайти оёғидан яраланган.

У қўлга олинганидан тўрт кун ўтиб Брюссел аэропорти ва метро бекатида портлашлар рўй берган, оқибатда 35 инсон ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ инсон жароҳатланган.

Салоҳ Абдусалом адвокатининг сўзларига кўра, унинг ўзи Брюссел ҳужумларига тайёргарлик ҳақида хабардор бўлмаган.

Абдусалом билан бирга Париж ҳужумларига алоқадорлик гумони билан яна тўрт киши ҳибсга олинган.

Дастлаб Салоҳ Абдусалом ўз ихтиёри билан Францияга экстрадиция этилишига қарши чиққан, лекин кейинроқ қарорини ўзгартирган.

Адвокати Свен Мари сўзларига кўра, Салоҳ Абдусалом Франция расмийларига "тушунтириш бермоқчи".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ