Суриянинг яна икки қисмида оташкесим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

30 апрель куни маҳаллий вақт билан тунги соат 1 дан Сурия шимолидаги икки ҳудудда ўт очишни вақтинча тўхтатишга қарор қилинган.

Бу ҳудудлар Дамашқ тумани ва Латакия вилояти ҳудудларидир.

Президент Башар ал-Ассад армияси ва режимга қарши қўлига қурол олган Сурия мухолифати ўртасидаги оташкесим пойтахт Дамашқ атрофида 1 май тунги соат 1 гача, Латакия вилоятида эса 72 соатга белгиланган.

Бу билан Сурия армияси ва мухолифати ўртасидаги жанг қилмасликка қарор қилинган ҳудудлар сони яна иккитага кўпайган.

Суриядаги ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги оташкесим шу йилнинг 27 февралида кучга кирган эди.

Аммо оташкесим ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳга нисбатан жорий этилмаслиги хабар қилинган.

Мамлакатдаги жангларни тўхтатишга оид охирги келишув АҚШ билан Россия ўртасидаги музокаралар натижаси экани айтилмоқда.

Бундан олдин БМТ Бош котиби Пан Ги Мун АҚШ ва Россия раҳбарларига мурожаат қилган ва Сурияда урушаётган томонларга ўт очишни тўхтатишлари учун босим ўтказишга чақирган эди.

Америка тарафи белгиланган жойларда, шунингдек, Ҳалабда ҳам ўт очишни тўхтатишга эришилади, дея умид қилаётганини айтган.

Россия Ҳалаб шаҳрини оташкесим амал қиладиган Сурия ҳудудлари рўйхатига киритишдан бош тортган ва Ҳалабга Сурия ҳукумати ҳужумлари давом этмоқда.

29 апрель жума куни Ҳалабга яқин Баб ал-Фараж минтақасидаги масжид ҳужумга тутилгани оқибатида 15 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳалабнинг шарқий қисмидаги ҳужумларда эса камида 11 инсон ҳалок бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ