Тоғли Қорабоғ Би-би-си мухбирининг нигоҳида

Image caption Вайрон бўлган уйлар

Ўтган ойги зиддият Тоғли Қорабоғда 20 йилдан ортиқроқ давом этган муросани барбод қилди.

Арманистон тўғридан тўғри ҳарбий амалиётларда иштирок этмаёганини урғулайди.

Ереванга кўра, минтақадаги армани аҳоли ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳимоя қилмоқда.

Озарбайжон эса Арманистонни ўз ҳудудларини босиб олиб, ҳарбий амалиётларни бошлаб юборганликда айблайди.

Би-би-си мухбирларига минтақага сафар қилиш имконияти яратилган.

Озарбайжон ҳукумати минтақага матбуот вакиллари учун махсус саёҳат уюштирган.

Би-би-си журналистлари ҳам ҳам ана шу саёҳатчилар таркибига кирган эди.

Том Барриж ҳикояси билан танишинг:

Нафрат

Image caption "Биз ўз еримизни тинч йўлда қайтариб олишни истаймиз, агар тинчликда бўлмаса, унда мен ватаним учун жанг қилишга тайёрман”

65 яшар Алакбар Алакбаров футбол томоша қилиб, чоп ичиб ўтиргани ва шунда қишлоғи бомбалар остида қолганини хотирлайди.

У вайроналар ичидан базўр қочиб қутилганини айтади.

Алакбар учун ҳаммасига “ армани фашистлар” айбдор.

"Биз ўз еримизни тинч йўлда қайтариб олишни истаймиз, агар тинчликда бўлмаса, унда мен ватаним учун жанг қилишга тайёрман”, дейди у.

Озарбайжон мулозимлари матбуот учун бу ўзига хос саёҳатни жуда яхши режалашган эди.

Бизни бир неча қишлоқ ва икки касалхонага олиб боришди.

Мақсад бизга вайрон бўлган биноларни кўрсатиш, ярадорлар ва қурбонларнинг яқинларидан дарди ҳолларини эшиттириш эди.

Бизнинг автобусимизни ўз яқинларини йўқотган уч қария ва акаси Фамилнинг суратини кўтариб олган Ганбар Мустафаев кутиб турарди.

"Акам ўз уйида шаҳид бўлди, мен ҳам ватан учун ўлимга тайёрман”, дейди у.

Гарчанд бизнинг бу сафаримиз ҳукумат томонидан яхшигина тайёрланган бўлса ҳам, аксарият аҳоли Арманистондан очиқ нафратланишини сезиш қийин эмас эди.

Бу нафрат ортида озариларнинг Тоғли Қорабоғ ўз юрти экани, Арманистон эса босқин билан эгаллаб олгани ҳақида ишонч бор эди.

"Муқаррар уруш"

Image caption "Акамни ўз уйида шаҳид бўлди, мен ҳам ватан учун ўлимга тайёрман”

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг ходими Хикмат Хижаев эса халқаро ҳамжамият унинг мамлакатини дастаклашига ишонади.

У БМТ Хавфсизлик кенгашининг Арманистон ўз кучларини Озарбайжон ҳудудларидан чиқариши керак деган тўртта резолюциясига ишора қилади.

"Озарбайжон масалани сиёсий ҳал қилиш учун музокаралар йўлига содиқдир”.

Икки ўртадаги нафрат асосида 1988 йилдан 1994 йилга қадар давом этган қонли тўқнашув ётади.

Жанговар тўқнашувлар давомида турфа маълумотларга кўра, 20 мингдан 30 мингга қадар инсон қурбон бўлган.

Ҳар иккала томон инсон ҳуқуқларини поймол этишда бири бирини айблайди.

Муросага эришилганида эса икки ўртадаги қатор баҳсли масалалар ечилмай қолганди.

Шунинг учун ҳам бакулик журналист Рауф Мирқадиров айни муроса 22 йил давом этганига ҳайратланади.

Унинг айтишича, токи икки ўртада мустаҳкам тинчлик битими имзоланмас экан, ҳарбий тўқнашувлар барибир юз бераверади...

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ