Ҳатто ўз сафдошлари Трампни дастакламоқчи эмаслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

АҚШ президентлигига Республикачилардан ягона номзод Доналд Трампни қўллаб-қувватлаш истагидан воз кечган партиянинг етакчи вакиллари сони кўпаймоқда.

Уларнинг сафига охиргиси бўлиб Жеб Буш қўшилган.

Флориданинг собиқ ҳокими Жеб Буш Американинг икки президенти Жорж Буш каттасининг ўғли ва Жорж Буш ўғилнинг укасидир.

Икки собиқ президент ота-бола Жорж Бушлар ҳам ноябр ойидаги партия сайловида Доналд Трамп учун овоз бермасликка қарор қилганлари ҳақида эълон этганлар.

Бунгача нью-йорклик миллиардер Трампни дастаклашдан республикачилардан ўз номзодини президентликка илгари сурган Массачусетснинг собиқ ҳокими Митт Ромни, Небраска штатидан сенатор Бен Сассе ҳам воз кечган эди.

"Доналд Трамп зарур эҳтирос ва характери мустаҳкамлигини намойиш этолмади. У изчил консерватор эмас. Унинг номзодини мен қўллаб-қувватламаслигим учун сабаблар бор", деб айтган Жеб Буш.

"Жаноб Трамп америкаликларни бўлиб ташлашга, шунингдек, бизнинг гўзал мамлакатимизни қайта қуришга эмас, уни бўлиб ташлашга қаттиқ киришган", дея ўз фикрини билдирган Бен Сассе.

Айрим республикачилар партиясидаги ўз сафдоши Доналд Трамп учун эмас, аксинча Демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон учун овоз беришларини ҳам айтганлар.

Ҳозирча президентлик сайловига ўз номзодини илгари сурган Тед Круз ва Марко Рубио ва Оҳайо штати губернатори Жон Кейсик ўз қарорлари борасида фикр билдирмаганлар.

Ноябрь ойида президентлик сайлови билан бирга маҳаллий бошқарув органларига ҳам сайловлар ўтказилади ва ҳар бир партиядан номзодлар рўйхати биргаликда эълон қилинади.

Маҳаллий органларга ўз номзодини илгари сурган айрим республикачилар ўзининг номи Доналд Трамп билан ёнма-ён эълон этилишидан чўчиб қолганлар.

Доналд Трамп, "президент этиб сайлансам, АҚШга мусулмонларнинг киришини тақиқлайман", "Мексика билан чегарага девор қураман", деган баёнотлари билан кўплаб сайловчиларни ўзидан совутган.

Аксар америкаликлар мустақил номзодларга эмас, муайян партия - Республикачилар ёки Демократлар учун овоз беришни афзал кўрадилар.

Шунинг учун Республикачи партия аъзолари Доналд Трамп бутун партияни "ўзи билан тортиб чўктириб юборишидан" хавотирдалар.

Шу боис Республикачилардан айримлари Доналд Трампни рад этиш ва ҳамма биргаликда нисбатан босиқ анъанадор номзодни илгари суриш чақириғи билан чиқмоқдалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ