“Панама ҳужжатлари”нинг тўла маълумоти эълон қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тадқиқотчи журналистларнинг халқаро консорциуми (ICIJ) «Панама ҳужжатлари» номи билан танилган офшор ширкатларига тегишли барча маълумотларни ўзининг Интернет саҳифасида эълон қилган.

200000 дан ортиқ офшор банк ҳисобларига оид маълумотлар 9 май куни Гринвич вақти билан соат 18:00 да offshoreleaks.icij.org веб-сайтида эълон этилган.

“Панама ҳужжатлари” дунёдаги айрим бой одамлар қандай қилиб солиқ тўлашдан бош тортганлари ҳамда жазодан қутулиб қолганларини намойиш этади.

Бу ҳужжатлар Панамада жойлашган Mossack Fonseca ширкатига тегишли бўлган ва ўзини фақат "John Doe" – Жон Доу деб тақдим қилаётган манба томонидан қўлга киритилган.

Mossack Fonseca ўз фаолияти давомида қонунга зид амал қилганини рад этади.

Ўтган ҳафта Mossack Fonseca Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми (ICIJ) томонидан сиздирилган тўла маълумотларнинг оммага ошкор этилиши олдини олиш мақсадида қонунга зид амаллар олдини олиш ҳақидаги фармойишни қабул қилган эди.

Бироқ бунга қарамасдан халқаро консорциум ўз қўлига келиб тушган маълумотларни ошкор этишини билдирди.

Mossack Fonseca юридик ширкатига тааллуқли ҳужжатларни Жон Доу исмли манба Олмониянинг Зюддойче цайтунг (Suddeutsche Zeitung) газетасига узатган ва бу газета уларни Тадқиқотчи журналистларининг халқаро Консорциуми билан баҳам кўрган.

Ўз навбатида консорциум бу ҳужжатларни Би-би-сининг Панорама (Panorama) дастури дохил 78 мамлакатдаги 107 медиа ташкилот билан бирга ўрганган. Би-би-си сиздирма манбасидан хабардор эмас.

Апрель ойи бошида "Панама ҳужжатлари"нинг бир қисми эълон қилинди

“Панама ҳужжатлари” орқали Британия Бош вазири Девид Кэмерон, Россия Президенти Владимир Путин, Украина Президенти Пётр Порошенко, Аргентина Президенти Маурисио Макри, машҳур футболчи Лионел Месси, таниқли актёр ва режиссёр Жеки Чан, испаниялик режиссёр Педро Алмодовар номлари эътиборга тушди.

Айни ҳужжатлар сабаб Исландия Бош вазири Сигмюндор Давид Гюннлёйгссон истеъфо беришга мажбур бўлди.

40 йиллик фаолиятида қонунни бузмаганини айтадиган Mossack Fonseca хакерлик ҳужуми қурбони бўлганини айтмоқда.

Офшор ширкати фаолияти қонунга зид эмас, аммо кўпинча офшор ширкати пул эгаси ва миқдорини яшириш ва солиқ тўлашдан қутулиб қолиш йўлини очади.

Ўтган ҳафта “Панама ҳужжатлари”нинг манбаси “Жон Доу” нега бу маълумотларни ошкор этишга қарор қилгани сабабини изоҳлаб 1800 сўздан иборат баёнот эълон қилди.

“Жон Доу” бирор бир мамлакатнинг жосуслик хизмати билан ҳамкорлик қилмагани ва ҳозир ҳам ҳамкорлик қилмаслигини айтган.

“Даромадлар тенгсизлиги” бу маълумотларни эълон қилишга ундаганини айтган.

“Банклар, молиявий ва солиқ назорат органлари мағлубиятга учрадилар. Бойларга раҳм қиладиган ва уларнинг ўрнига ўрта ва паст даромадли фуқароларни жиловлайдиган қарорлар қабул қилинди”, деб ёзган “Жон Доу”.

У эркак кишининг номини ишлатаётган бўлса ҳам “Жон Доу”нинг жинси ҳозирча аниқ эмас.

9 май куни жаҳондаги кўзга кўринган иқтисодчилар дунё раҳбарларига очиқ хат эълон қилдилар, бу хатда улар офшор ширкатлари фаолиятини тўхтатишга чақирдилар.

Чунки солиқ паноҳлари фақат бой одамлар ва корпорацияларнинг бойлигини кўпайтириб, дунё бўйлаб нотенглик даражасини тобора оширмоқда, деб ёзганлар иқтисодчилар.

«Солиқ паноҳларининг мавжудлиги дунё хазинасига пул ҳам қўшмайди, фаровонлик ҳам келтирмайди, улардан аниқ бир иқтисодий фойда йўқ», дейилади мактубда.

Бундан олдин коррупцияга қарши курашувчи халқаро Transparency International ташкилоти ҳам “Йирик йигирмалик” раҳбарларига мурожаат қилиб офшор компанияларини ёпишга чақирган эди.

12 май куни Лондонда коррупцияга қарши саммит режаланган.

Унда 40 мамлакат сиёсатчилари, Жаҳон банки ва Халқаро Валюта жамғармаси вакилларининг қатнашиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ