Олимпиада арафасида Бразилияда сиёсий беқарорлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ag. Brasil

11 май куни Бразилия Сенатининг Президент Дилма Русеф импичменти борасида овоз бериши мўлжалланган, бутун мамлакат бўйлаб президент тарафдорлари йўлларни бекитиб транспорт қатновларини издан чиқарган.

Бразилия Сенатининг 81 аъзоси бор.

Уларнинг ярми Русеф хонимни президентлик лавозимидан четлатилишини ёқлаб овоз бериш истагида эканларини айтганлар.

Агар Сенат импичментни ёқлаб овоз берса, бу Бразилия тарихида охирги йигирма йилдан ортиқ вақт давомида давлат раҳбарининг илк бор вазифасидан четлатилиши бўлади.

Сенаторлар Дилма Русеф устидан маҳкама жараёнини бошлаш керак деган қарорга келсалар, президент олти ойгача лавозимидан четлатилади, унинг ваколатлари вице-президентга топширилади.

Русеф хонимни 2014 йилги президентлик сайлови арафасида давлат бюджети кўрсаткичларини сохталаштириш, солиқ қонунчилигини бузишда айбламоқдалар.

Шунингдек, давлат назоратидаги Petrobras нефт ширкатидаги коррупция можароси бўйича тергов давом этмоқда.

Бразилия иқтисодиёти кучли инқирозга учраган, бу 1930 йиллардан буён Бразилия дуч келган энг ёмон инқироз дея таърифланяпти.

Иқтисодий инқироз ва коррупция можароси Президент Дилма Русефнинг иккинчи президентлик муддатини фалаж қилиб қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Буларнинг ҳаммаси Бразилия Рио де-Жанейродаги олимпиада ўйинларига мезбонлик қилишга тайёргарлик кўраётган пайтда юз бермоқда.

Шу кунларда Афинада ёқилган олимпиада машъаласи Бразилияга етказилди, бутун мамлакат бўйлаб айланиб чиққанидан кецин август ойида спот мусобақаларини бошлаб беради.

Президент Русеф хоним ўзини айбдор ҳисобламайди.

Унинг фикрича, мухолифат сиёсий фирибгарлик билан шуғулланмоқда, парламентнинг қуйи ва юқори палатасида давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи.

Сенатдаги муҳим овоз бериш олдидан мухолифат тарфдорлари ҳам норозилик намойишларини ташкил қилганлар.

Апрел ойида парламент қуйи палатасидаги овоз беришда импичментучун етарли овоз тўпланган эди.

Сенатдаги овоз бериш арафасида Президент Дилма Руссеф Бразилия Олий маҳкамасига мурожаат қилган, сенатдаги импичмент жараёнига тўсиқ қўйишни сўраган.

Бу унинг импичментдан қутулиб қолиш йўлидаги энг сўнгги ҳаракати деб кўрилмоқда.

Олий маҳкама ҳукумат сўровига жавоб қайтармаган, аммо бундан олдин шу мазмундаги сўровларни рад этган.

Бу мавзуда батафсилроқ