Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансур ўлдирилгани тасдиқланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Афғон хавфсизлик хизмати ходимлари Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансур ўлдирилганини илк бор расман тасдиқлаганлар.

Бундан аввал АҚШ расмийлари АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоғидан уюштирилган ҳужум натижасида Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин ҳудудида Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансур ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатишганди.

Пентагон вакиллари хабар қилишларича, ҳужум Афғон-Покистон чегарасига яқин Аҳмад Вол шаҳри яқинида 21 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да уюштирилган.

Чекка ҳудудда бораётган автомобилда икки киши бўлган, бири Мулло Ахтар Мансур, иккинчиси бошқа бир жангари.

Америка расмийларига кўра, ушбу ҳужумга АҚШ Президенти Барак Обама рухсат берган.

Ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон расмийлари Толибон раҳбарига ҳужум уюштирилиши бохабар этилганлар.

Мулло Ахтар Мансур Афғон Толибони раҳбарлигини 2015 йил июлида ўз қўлига олган эди.

Ўшанда Толибон ҳаракатининг асосчиси ва руҳоний раҳбари Мулло Муҳаммад Умар тирик эмаслигини эълон қилинган эди.

Толибон раҳбарлари ҳақида ёлғон овозалар доимо тарқалиб юради.

Мулло Умар 2013 йили оламдан ўтган, бироқ Толибон тарафидан орадан икки йил ўтиб унинг вафоти тасдиқланди.

Ўтган йили Мулло Ахтар Мансурнинг ҳам қуролли жанг пайти ўлдирилгани ҳақидаги хабар ҳам тарқалган, лекин бу хабарни Афғонистон ҳукумати рад этганди.

Мулло Мансурнинг Толибон раҳбари этиб тайинланиши баҳсларга ҳам сабаб бўлган, Толибоннинг бошқа бир рақиб гуруҳи ўзининг бошқа раҳбарини ҳам сайлаган эди.

Пентагон баёнотида айтилишича, Мулло Мансур "Афғон тинч фуқаролари ва хавфсизлик кучларига, бизнинг таркибий қисмимиз ва коалициядаги шерикларимизга таҳдид туғдирадиган ҳужумларни режалаштиришда фаол бош қўшиб келган".

2014 йил халқаро коалиция кучлари ўзларининг жанговор амалиётларидан воз кечганидан кейин Толибон Афғонистон ҳудудида анча жойларни қўлга киритди.

Борган сари НАТО кучларининг Афғонистон хавфсизлик кучларининг Толибонга қарши жангларида кўпроқ иштирок этишига тўғри келаяпти.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ