Греция Идоменидаги муҳожирларни кўчиришни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Греция ўзининг Македония билан чегарасидаги Идомени жамлоғидан минглаб муҳожирларни кўчиришни бошлаган.

Мазкур ишга юзлаб полициячилар жалб қилинган, аммо расмийлар куч ишлатилмаслигини айтишди.

Муҳожирларнинг ўзлари қуриб олган жамлоқда 8400 одам, жумладан кўплаб аёллар ва болалар ҳам бор.

Амалиёт эрта тонгда бошлаган. Гувоҳларнинг айтишича, одамларни яхшироқ ташкиллаштирилган турар жойларга олиб кетиш учун автобуслар ва полиция машиналари тайёр турганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу жамлоқдаги аксар муҳожирлар Шимолий Оврўпога йўл олаётган бўлишган, аммо Македония ўзининг Греция билан чегарасини ёпиб қўйиши ортидан шу ҳудудда қолиб кетганлар.

Муҳожирларга Грециянинг иккинчи энг йирик Тессалоники шаҳрида янги очилган бошпана марказининг яхши шароитлари ваъда қилинган.

Сешанба тонггида камида тўрт автобус тўла муҳожирлар кўзга ташланган, қолганлар эса пиёда ёки таксиларда жамлоқни тарк этишди.

Аксари Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги можаролардан қочган муҳожирлар чодирларда ўта оғир шароитларда яшаётганларига қарамай, чегара ёнидан кетмасликка қарор қилгандилар.

Аммо, охирги кунларда улар тақдирга тан бериб, кўчишга рози бўлган кўриндилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриялик Резан исмли муҳожир март ойидан бери жамлоқда яшаб келяпти. У Би-би-сига Идомени жамлоғини тарк этишни истамаслиги, аммо мажбур бўлса, кетишини айтди.

"Сумкаларимни тайёрлаб қўйдим. Агар куч ишлатишмаса, бироз вақт қоламан, лекин куч ишлатишса, кетаман. Мен бу ерга биров билан уришиш учун келганим йўқ. Мен ҳеч ким билан уришгим келмагани учун Сурияни тарк этганман", - деди у.

Душанба куни грек телевидениеси орқали гапирган Греция ҳукумати воизи Гиоргос Киристис барча муҳожирлар кўчирилишини айтди.

"Идоменидек нарсани сақлаб қолиб бўлмайди. У фақат одам ташувчилар манфаатларига хизмат қиляпти", - деди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг