Надежда Савченко Украинага қайтарилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу ҳақда Украина Президенти Пётр Порошенко Твиттерда маълум қилган. Савченко ўтирган учоқ Киев аэропортига қўнди, деб ёзган президент.

"Бизнинг Надямиз аллақачон Украина заминида. Уни ватанга қайтгани билан табриклайман! Барча украиналикларни ва бутун дунёни Ғалабамиз билан қутлайман! Худога шукр- бу сафар амалга ошди. Барча украиналик асирларни озод қилиш учун курашда давом этамиз. Бугунги ғалаба учун курашган барчани табриклайман. Тутқунликдаги узоқ 709 кун ниҳоят ортда қолди", деган Порошенко Фейсбукдаги саҳифасида ҳам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин Савченкони авф қилиш тўғрисида фармон чиқарган. Путинга кўра, Савченкони инсонпарварлик юзасидан авф этишга қарор қилган.

Кремл сайти фармонни чоп этган ва у чиқарилган 25 майдан кучга кириши айтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Савченкони кутиб олишга Юлия Тимошенко ҳам чиққан.

Киев аэропортида кўплаб маҳаллий ва хорижий журналистлар тўпланганлар. Украиналиклар Савченкони гуллар билан кутиб олганлар.

Украина Президенти Савченкони кўрсатган жасорати, халқига хизмати учун "Олтин юлдуз" ордени ва Украина қаҳрамони унвони билан мукофотлаган.

Жаноб Порошенко шунингдек, Надеждани қайтариб олганлари каби Донбасс ва Қримни ҳам албатта қайтарамиз, деган Савченкони тақдирлаш маросимида.

Озодликка йўл

Бундан олдин Россия ва Украина оммавий ахборот воситалари Украина Президенти Пётр Порошенко учоғи Ростов Донга етиб борганини хабар қилганди.

Порошенко Президент Путин билан Надежда Савченкони икки россияликка алмаштириш учун келишган.

Савченко ўтирган учоқ тахминан 14.45 да Киевнинг Бориспол аэропортида бўлиши хабар қилинган.

Россиялик Евгений Ерофеев ва Александр Александров бўлган учоқ Москванинг Внуково-2 аэропортига қўнди, деб айтган Известия рўзномаси манбаси.

Ростов Дон аэропортида томонлар маҳкумларни алмашганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Интерфаксга кўра, Савченкони Украина томонга берилиши икки томон ўртасида жазони ўташни давом эттириш бўйича келишувга асосан амалга оширилган.

Айни вақтда Надежда Савченконинг ҳимоячилари ва Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков кутилаётган алмашувни изоҳламаганлар.

"Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Ҳамкасбим Марк Фейгиннинг ҳам хабари йўқ. Яхшиси, бу ҳақда ҳукуматнинг расмий вакилига мурожаат қилиш керак", деган ҳимоячи Николай Полозов.

Ўз ўрнида Песков ҳам икки россияликни Савченкони алмаштириш жараёни тўғрисида ўзида маълумот йўқлигини айтган.

Савченконинг яна бир ҳимоячиси Илья Новиков Би-би-сига Ростовга шунчаки келмаганини айтсада, бироқ кенгроқ маълумот беришни рад қилган.

Чоршанба куни Киев маҳкамаси россиялик икки зобит мамлакат президенти томонидан авф қилинганини билдирган. Ўхшаш жараён Надежда Савченкога нисбатан Россияда ҳам ўтказилган.

Айблов

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россиялик Евгений Ерофеев ва Александр Александровлар Украинада терроризмда айбланиб қамалган эдилар. Украина уларни мамлакат шарқида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Россия махсус хизмати жангчилари деб билади.

Россияда ҳам жорий йилнинг март ойида Савченкога нисбатан ҳукм ўқилган. Ростов вилоят Донецк шаҳар маҳкамаси Савченкони россиялик икки журналист ўлимида ва 2014 йилда тинч фуқаролар ҳаётига дахл қилишда айбдор деб топган. Россия суди уни 22 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарган. Савченконинг ўзи қўйилган айбларни қатъиян инкор этган.

Савченконинг сўзларига кўра, Россия текширувчилари таъкидлаганидек, рус журналистлари ўлимига сабаб бўлган артиллерия нишони йўналишини белгилаб бермаган. Уларнинг ўлимидан олдин асирга олинган бўлган. Шунингдек, Савченко Россия маҳкамаси қонунийлигини тан олмаган ва Украинага берилиши умидида ҳукм устидан шикоят қилмаслигини айтганди.

Халқаро ташкилотлар Савченкога нисбатан ҳукм сиёсийлигини таъкидлаб, Россиядан уни зудликда озод қилишга чақирганлар.

Россия ҳукумати Савченкони айбдор дейди ва жазони ижро этишга кафолат берилган тақдирда, Украинага топширилишини билдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBE
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ