Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охунзода Толибоннинг янги раҳбари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мулло Мансур Покистонда АҚШ дрон ҳужумида ҳалок бўлганини Толибон тасдиқлади.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўзининг янги раҳбари этиб Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охунзодани сайлагани ҳақида баёнот тарқатган.

25 май куни эълон қилинган баёнотда қуролли ҳаракат бундан олдинги раҳбари Мулло Ахтар Мансурнинг ўлимини тасдиқлаган.

"Афғонистон Исломий Амирлиги Шаъбон ойининг 14-сида чегара минтақасида АҚШ дрон ҳужумида Мулло Ахтар Мансур шаҳид бўлганини эълон қилади", дейилган Толибон номидан тарқатилган баёнотда.

"Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охунзода гуруҳнинг янги раҳбари этиб тайинланди. Ўринбосарлари этиб Сирожиддин Ҳаққоний ва Мавлавий Ёқуб тайинланди", дейилади баёнотда.

Мавлавий Ҳайбатуллоҳ Охунзода Толибоннинг кўзга кўринган вакилларидан бири.

У исломий уламо сифатида танилган ҳамда Толибон Афғонистонда ҳукмронлик қилган йилларда маҳкама раиси лавозимини ҳам эгаллаган.

Мавлавий Охунзода Толибон асосчиси ва руҳоний раҳбари Мулло Умарнинг ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мулло Умар ўлими эълон қилиниши ортидан Мулло Ахтар Мансур Толибон раҳбари этиб сайланди.

2015 йил июлида Мулло Умарнинг оламдан ўтгани эълон қилинди ва Толибон раҳбари этиб Мулло Ахтар Мансур сайланди.

Бироқ Толибон ҳаракати ичидаги ҳамма гуруҳлар ҳам Мулло Ахтар Мансурнинг раҳбар этиб сайланишига рози бўлмадилар.

Ушбу келишмовчилик Толибон ичидаги бўлинишга ҳам сабаб бўлди.

21 май куни АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоғидан Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин Балужистон вилоятида бораётган автомобилга отилган ракета Толибон раҳбари Мулло Мансур билан унинг шеригини ҳалок қилди.

АҚШ ҳарбийлари Афғон Толибони раҳбари дрон ҳужумида нишонга олиниб ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатдилар.

Сўнг Мулло Мансур ўлимини Афғон ва Покистон хавфсизлик хизматлари тасдиқладилар.

Толибоннинг янги раҳбари Мавлавий Охунзоданинг ўринбосарларидан бири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб 28 ёшда деб кўрилади ва у Мулло Умарнинг ўғли.

Унинг ўтган йили Покистон Карачисидаги мадрасада диний билим олишни якунлагани маълум.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ