Йирик еттилик Россияга қарши санкцияларни узайтиришга келишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Японияда бўлиб ўтган дунёнинг саноати ривожланган етти мамлакати раҳбарлари Россияга нисбатан жорий этилган жазо чоралари муддатини яна чўзишга келишиб олганлар.

Британия Бош вазири Девид Кэмероннинг «Йирик еттилик» саммити якунида айтишича, Россияга нисбатан санкцияларнинг янада узайтирилиши «ҳал қилувчи аҳамиятга эга»дир.

«Еттилик» раҳбарлари шу фикрдаларки, Минск келишуви тўла ижро этилмагунича жорий санкциялар кучда қолиши лозим», деб айтган Британия бош вазири.

Худди шу мазмундаки баёнот билан Оврўпо Кенгаши раҳбари Дональд Туск ҳам чиққан.

«Оврўпо Иттифоқи Россия Федерациясига нисбатан жорий сиёсатини, жумладан, иқтисодий жазо чоралари сиёсатини давом эттиради. Оврўпо Иттифоқининг бундай мавқеъи Минск келишувлари тўла бажарилишини тақозо этади», деб айтган Дональд Туск.

«Йирик еттилик»нинг Россияга нисбатан санкцияларини 2016 йилнинг июнидан узайтиришга келишилган.

2014 йил мартида Россия Қрим ярим оролини аннексия қилгани ҳамда Украина шарқидаги қуролли маожародаги иштироки учун Россияга нисбатан санкциялар жорий қилинган эди.

Россия Украинанинг собиқ Донецк ва Луганск вилоятларига қўшин киритганини рад этиб келади, у ерда Украина қуролли кучларига қарши жанг қилаётганлар Россиядан ўз ихтиёри билан борган кўнгиллилар эканини айтади.

Ғарбнинг жазо чораларига қаарши Россия ҳам санкциялар киритди, хусусан Ғарб ширкатлари ишлаб чиқарган озиқ-овқат маҳсулотларининг Россия ҳудудига олиб кирилишини тақиқлади.

Россияга нисбатан санкциялар тўла олиб ташланиши учун Россия Минск келишувининг барча бандларини бажариши лозим, дейилмоқда.

АҚШга кўра, украиналик ҳарбий учувчи Надежда Савченкони озод этиш билан Россия Минск битимининг муҳим бандини бажарган, бироқ ҳали Украина шарқида ўт очиш буткул тўхтатилмаган, у ердан хорижй қўшинлар, ёлланма жангарилар ва ҳарбий техника олиб чиқиб кетилмаган.

Шунингдек, Минск шартномасида Украинага ўзининг ҳудуди устидан тўла назоратни топшириш, Украина шарқида мамлакат қонунчилиги ва Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти стандартларига тўла мос келадиган эркин сайловлар ўтказиш талаблари ҳам киритилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ