Исломий Тараққиёт банки Россияга ёрдам бермоқчи

Исломий Тараққиёт банки Россия ҳукуматига исломий банк фаолиятига доир қонунларни ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Бу ҳақда Исломий Тараққиёт банкининг президенти Аҳмад Муҳаммад Али ал-Маданий айтган.

"Исломий банкинг сизнинг иқтисодиётингизда янада самаралироқ рол ўйнаши учун Ислом Тараққиёт банки амалдаги Россия қонунчилигига ўзгартиришларни киритишда кўмак беришга тайёр. Ҳозир Россиянинг етакчи банклари исломий банкингнинг имкониятлари, хусусан, ўзаро манфаатли сармоялар, таваккалларни бўлишишга доир имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар", деб айтган Аҳмад Муҳаммад Али ал-Маданий.

Исломий Тараққиёт банки раҳбари сўзларига кўра, Россиянинг бир неча ширкатлари исломий суғуртага ҳам қизиқиш билдирмоқдалар.

Жаноб ал-Маданий бу сўзларини Татаристон пойтахти Қозонда бўлиб ўтган "Россия-Ислом дунёси" деб номланган анжуманда айтган.

Бу анжуманда дунёнинг 30 мамлакати вакиллари қатнашганлар.

Шунингдек, бир неча кун олдин Қозонда "Россия - Ислом дунёси: KazanSummit" деб номланган анъанавий йиллик форумнинг навбатдагиси бўлиб ўтган.

Бу форум доирасида исломий молия, бизнес юритиш, ҳалол маҳсулотлар саноатига бағишланган конференция ва бошқа тадбирлар уюштирилган.

Форумда исломий банкинг бутун дунё бўйлаб тез ривожланиб бораётгани таъкидланган.

Жаҳонда мусулмон аҳолининг сони ортиб борар экан, Ислом дини талабларига мос савдо-сотиқ қилиш, молияни шариат асосида юритиш амаллари ҳам кенгайиб бораётгани айтилган.

"Ҳар йили мусулмонлар исломий банкларга 1,8 триллион доллар сармоя қўймоқдалар. Бу исломий банкингнинг ривожлантириш истиқболи юқори эканидан далолат беради", деб айтган Бирлашган Араб амирликлари иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдуллоҳ ас-Солиҳ.

Жаноб Солиҳ сўзларига кўра, исломий банкинг бўйича фаолият юритаётган мусулмон давлатлар орасида Бирлашган Араб амирликлари Малайзиядан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

Дунёда биринчи исломий банк 1975 йили Дубайда ўз фаолиятини бошлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ