Ҳиндистон: Мусулмонлар қатлиомида яна 24 киши айбдор

Фото муаллифлик ҳуқуқи arko datta
Image caption Гулбарг мавзеси ҳужумдан сўнг ташландиқ ерга айланган.

Ҳиндистон маҳкамаси Гужарат вилоятида 2002 йили рўй берган мусулмон аҳолиси қатлиомида 24 кишини айбдор, деб топди.

Аҳмадобод шаҳрида "Гулбарг Жамияти қатли" номи остида маълум бўлган қатлиомга алоқадор кўрилган яна 36 киши оқланган.

Ўшанда оломон ҳужуми натижасида Гулбаргда 69 киши ҳалок этилганди.

Бу зўравонликлар Ҳиндистон мустақиликка эришганидан бери юз берган энг даҳшатли зўравонлик, дея таърифланганди.

Зўравонликлар мобайнида ҳаммаси бўлиб 1000 га яқин мусулмон ҳалок бўлган.

Улар ҳинд зиёратчилари ўтирган поездга ўт қўйилиши ва оқибатда 60 кишининг ҳалок бўлиши ортидан бошланиб кетганди.

Мусулмонларни поездга ўт қўйишда айблаб, ўч олмоқчи бўлган ҳиндлар Гужарат бўйлаб шаҳар ва қишлоқларнинг мусулмон мавзеларига 3 кун мобайнида ҳужум қилганлар.

Ўша вақтда Гужарат ҳокими бўлган ва ҳозирда Бош вазир Нарендра Моди зўравонликларни тўхтатиб қолиш йўлида етарли ҳаракат қилмаганликда танқид қилинган.

Аҳмадободдаги Гулбарг мавзеси ҳинд миллатчилари нишонга олган мавзелардан бири эди.

Ҳозирда айбдор, дея топилганлар орасида ҳинд миллатчи Вишва Ҳинду Паришад гуруҳи раҳбари ҳам бор.

Ҳалок бўлганлар орасида мусулмон сиёсатчи, Конгресс партиясидан собиқ миллат вакили Эҳсон Жафри ҳам бор эди.

Эҳсон Жафри бевасининг айтишича, у жаноб Модига ёрдам сўраб қўнғироқ қилган, аммо ёрдам етиб келмаган.

Жаноб Модининг ўзи бирон номақбул ҳаракатга йўл қўйганлигини рад этиб келган.

2012 йили яна бошқа бир маҳкама собиқ вазир ва ўша вақтда Нарендра Модининг ёрдамчиси бўлган Мая Коднани дохил яна қатор шахсларни 97 киши ўлимида айбдор топиб, ўлим жазосига ҳукм этганди.

2012 йили 23 мусулмоннинг ўлимида айбдор топилган 18 шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

2011 йил ноябр ойида эса Сардорпура қишлоғи яқинида 33 мусулмонни ёқиб юборишда айбдор топилган 31 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг