Бугун Россияга ким рақиб?

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

‘АҚШ, Украина ва Туркия…’.

Бу каби хулосага Москвадаги “Левада” омма фикрини ўрганиш марказининг янги сўрови натижалари далолат қилган.

Худди шу манзарада Беларус, Қозоғистон ва Хитой бугун Россиянинг асосий дўстлари экани ҳам маълум бўлган.

Сўров иштирокчиларининг етмиш фоиздан ортиқроғи наздида Россиянинг ҳамма муаммоларига Вашингтон айбдор.

Россия аҳолисининг ярмига яқинига кўра эса, Украинани ортиқ дўст, деб билиш ярамайди.

Бу эса, марказ фаолияти тарихида ўзига хос бир рекорд кўрсаткич сифатида ҳам қайд этилган.

Чунки бунгача ҳеч қачон шунча катта сондаги россиялик бу каби қарашни изҳор этмаган.

Дейлик, ўтган йили Украинани ўзларига душман, деб билган инсонларнинг сони Россияда қирқ фоизга етиб-етмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Янги сўров манзарасида Туркия ҳам ўзига хос рекорд натижа кўрсатган.

Дейлик, бор-йўғи бир йил олдин Туркияни ўзларига рақиб, деб билган россияликларнинг сони бор-йўғи 1 фоизни ташкил этган.

Бу йил эса, бу кўрсаткич бирваракайига 18 фоизга сакраган.

Яъни, Россия аҳолисининг қарийб бешдан бир қисми бугун Туркия бизга дўст эмас, деган хулосага келган.

Оврўпо Иттифоқига ёвқараш мавқеъда бўлган россияликларнинг сони ҳам 60 фоиздан ортиб кетган.

Худди шу манзарада Россия аҳолисининг аксарият қисми ўз мамлакатларининг бу иттифоққа киришига бирор бир ҳожат йўқлигини ҳам айтишган.

Бу воқеъликнинг эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, бор-йўғи 2009 йилда Россия аҳолисининг ярмидан ортиқроғи бу ишни қўллаб-қувватлаган.

“Дўстларимиз”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, Россия учун бугун дўстлик бобида Беларусга етадигани йўқ.

Яъни, Россия аҳолисининг нақ тенг ярми наздида Беларус ўзларига энг яхши ва мақбул дўст.

Қўшни Қозоғистон эса, Россиянинг бугунги дўстлари рўйхатида иккинчи ўринда экан.

Яъни қирқ фоизча россиялик ҳозир Қозоғистонни ўзларининг иккита дўстларидан биттаси, деб билишар, тан олишаркан.

Бу йил ёвқарашлик ҳисси бироз кучайгани кузатилса-да, барибир, Россия аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи Хитойни ўзларига учинчи дўст давлат сифатида кўришаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Янги сўровнинг яна бир аҳамиятли нуқтаси шундаки, бу йил Сурияга хайрихоҳ россияликларнинг фоизи ҳам саккиз фоизга ошибди.

Дейлик, ўтган йили бор-йўғи икки фоиз россиялик бу каби ўйда бўлса, бугун Сурия бизга дўст дегувчиларининг сони 10 фоизга етибди.

2014 йилда келиб чиққан Украина инқирози боис, Россия ва АҚШ орасидаги муносабатларга жиддий дарз етган.

Ўтган йил ноябр ойида Сурия билан чегарасида ўз қирувчи учоғини уриб тушириши ортидан эса, Россиянинг Туркия билан ўзаро алоқалари бирдан совиб кетган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ