Россия-Туркия муносабатлари яхшиланиши мумкинми?

Туркия Россиянинг бомбардимончи учоғини ўтган йил ноябр ойида уриб туширгандан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар таранглигича қолмоқда.

Кейинги бир йилда томонларнинг ахборот урушини кузатиш қизиқ.

Сешанба куни учоқ уриб туширилиши тарихида янги бурилиш содир бўлди. Туркия Россия учоғини Суриянинг Идлиб шаҳридаги касалхоналарни нишонга олаётганликда айблади.

Москва бу айбловларни рад қилди ва ўз навбатида Анқарадан қўшинларини зудлик билан шимолий Ироқдан чиқаришни талаб қилди.

Бироқ кейин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон оҳангини ўзгартирди. У "икки мамлакат муносабатлари учувчи томонидан содир этилган хатонинг қурбони бўлгани"дан афсус билдирди.

Бу ерда албатта гап Россия бомбардимончиси Туркия қирувчи учоғи томонидан уриб туширилгани ҳақида. Анқаранинг таъкидлашича, Россия учоғи мамлакати ҳудудини бузиб кирган.

Эрдўғон шунингдек, Россия билан муносабатлар яхшиланиши тарафдори экани, бироқ Москва ундан қандай тарздаги биринчи қадамни кутаётганини тушунмаслигини айтган.

Ички савдо

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Эрдўғон кечирим сўрашни хоҳламайди, лекин Россия билан муносабатлар ижобий томонга ўзгариш истагини кўрсатмоқда.

Президент Путин эса Москва уриб туширилган учоқ учун Туркия ошкора кечирим сўраши кераклигини англатди.

Бироқ Анқара бундай қилмоқчи эмас.

"Туркия олдинга қадам ташлашни хоҳлайди, бироқ бу худди ён босишдек кўринишни истамайди", деб айтади дипломатик масалалар бўйича таҳлилчи Семих Идиз.

"Халқаро майдонда ҳеч ким Туркияни узр сўрашга босим ўтказаётгани йўқ. Ва бундай ҳолат бўлмаса ҳам керак", дейди Идиз.

Россия бомбардимончиси билан ҳодиса Туркиянинг Сурия инқирозида иштирокига сезиларли таъсир кўрсатди.

Россия шимолий Суриянинг Туркия билан чегарасида парвозсиз ҳудудни қувватлайди.

Шу боисдан Туркия Сурия исёнчиларини ҳаводан дастаклаш имконини йўқотди ёки ўзининг чегараларини "Исломий давлат" жангари гуруҳи нишонларидан ҳимоя қила олмайди.

"Агар Эрдўғон бир ташқи сиёсат вазиятида ютқазадиган бўлса, у ҳам Россия учоғини уриб туширилиши дейиш мумкин. У бунинг учун жуда афсусланади", деган АҚШдаги Вашингтон институти таҳлилчиси Сонер Кагаптай.

"Аммо жаноб Эрдўғоннинг табиатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, унинг томонидан кечирим сўраш эҳтимоли жуда кам. Эрдўғон ҳеч қачон ташқи сиёсатда хатосини тан олмаган", деб қайд этади у.

Шунингдек, кўпчилик фикрича, ошкора узр сўраш миллатчиларга ёқмайди. Эрдўғонга эса мамлакатдаги парламент тузумини президентликка ўзгартириш ва кўпроқ ваколатларга эга бўлиш учун миллатчиларнинг дастаги керак бўлади.

Эрдўғон ҳам, бошқарувдаги партия ҳам катта сиёсий баҳо эвазига бундай таваккалчиликка боришни хоҳламайди. Шу боисдан ички сиёсий тузум ўзгариши ҳақидаги баҳслар тугамагунича, ҳеч қандай кечирим билдирилмаслиги аниқ", дейди академик Аҳмат Қосим Хон.

Гибрид уруши истиқболи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кўп таҳлилчилар фикрича, Россия Сурияда ҳарбий кучларини кўпайтиришда давом этмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар беқарорлиги яна узоқ вақт сақланиб қолиши эҳтимоли бўлсада, ҳеч ким таранглик уруш даражасига боришини башорат қилмаяпти. Бироқ гибрид уруши эҳтимоли, Россиянинг вазиятни беқарорлаштиришга таъсир кўрсатиши айтиб келинади.

13 май куни Туркиянинг "Кобра" ҳарбий тикучари мамлакат жануби-шарқида курд исёнчилари томонидан Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий қурол воситасида уриб туширилди. Учувчилар ҳалок бўлишди.

Эрдўғон душанба куни Россияни Курд Ишчи партиясининг ҳарбий қанотига қурол етказиб беришда айблаб чиқди. Бунга жавобан Москва Анқарадан далил кўрсатишни талаб қилди.

Россия ростдан ҳам курд исёнчиларига қурол етказганми ёки улар Сурия ва Ироқнинг "қора бозори"дан сотиб олишганми, бу номаълум.

Лекин Россия ва курд ишчилар партияси ўртасида тарихан мавжуд алоқалар боис, Туркияда "Россия курд исёнчиларидан мавжуд таранглик манзарасида гибрид уруши олиб боришда фойдаланяпти", деган фикр бор.

"Россия КИПга қурол бериши мумкин, у Суриядаги курд партиясини аллақачон қурол билан таъминламоқда ва шимолий Сурияда Сурия Курдистони тузилмасини тан олишга ваъда берган. Россия гибрид йўллари билан қарама-қаршиликни оширмоқда", деб ҳисоблайди Сонер Кагаптай.

Бу Туркияга хавф солади. Бундан олдин россиялик депутатлардан бири Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Суриядаги исёнчиларга қурол етказиб берар экан, Москва КИПга ҳам қуролланишга ёрдам берилишини айтган. Бундан икки ҳафта ўтиб Туркия тикучари уриб туширилган.

Курд исёнчиларини Туркия кучларига қарши замонавий қуроллар билан дастаклаш жиддий хавф туғдиради, дейди ҳарбий таҳлилчи Жон Касапўғли.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ